«Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти таркибида бугун 30 ёшгача бўлган 320 нафар ёшлар бор. Уларга берилаётган эътибор ҳамда қулайликларни янада яхшилаш мақсадида тизимда фаолият юритаётган ёшлар билан «Очиқ мулоқот» ўтказилди. Йигит-қизлар томонидан айтилган таклифларни инобатга олган ҳолда жорий йилги лойиҳалар ва дастурларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш режалаштирилган.
Учрашувда жамият бош директори Жаҳонгир Ризаев ёш кадрларнинг қизиқишлари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, соҳада бир неча йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар билан биргаликда ёш бўлишига қарамай, ҳозирда туман электр таъминоти корхонасини бошқараётган ёш раҳбарлар ўзларининг бу ишга янги кириб келганларида йўл қўйган камчиликлари ва ҳозирги эришган ютуқлари тўғрисида тенгдошларига гапириб беришди.
Самимий ва қизғин руҳда кечган тадбир чинакам ёшлар кунига айланиб кетди. Залга йиғилган барча учун алоҳида махсус совға, яъни китоблар ўз эгаларига топширилди. Ҳар бир ёш китобнинг ичига ўзининг исми ва тилагини ёзиб, бошқа ҳамкасби билан алмашди. Бу ажойиб ҳаракат, албатта, ёшларни бир-бирларига ҳамфикр, касбдош сифатида яқинлаштирди.
Очиқ мулоқотда қатнашган ёшларнинг таклиф ва саволларидан келиб чиқиб, 2021 йил акциядорлик жамиятида «Ёшлар билан ишлаш йили» деб эълон қилинди.
Қолаверса, шу жойнинг ўзида «Энг китобхон энергетик» номли қизиқарли танлов уюштирилди. Ёшлар орасидан ихтиёрий 7 нафари саҳнага чиқиб, ўқиган китоблари ва уларнинг муаллифи, бош қаҳрамонларини айтиши шарт бўлди. Якунда Дилмуҳаммад Турсунов ҳамда Чингиз Юнусалиев ғолиб деб топилиб, уларга жамият директорининг махсус совғаси - сўнгги русумдаги замонавий планшетлар топширилди.
Дилшодбек АБДУВОСИЕВ,
Наманган ҲЭТК ахборот хизмати раҳбари.