Институт фойесида олий ўқув юрти салоҳиятини намойиш этувчи кўргазма уюштирилди. Кўргазмадан профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ихтиролари ҳамда илмий ишланмалари ўрин олди. Журналист ва блогерлар лабораториялар ҳамда энг сўнгги ўқув ускуналари билан таништирилди.
Тадбир доирасида матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Унда институт ректори Шарифбой Эргашев ОАВ вакилларига Наманган муҳандислик-қурилиш институтида бугунги кунда яратилган шароитлар ва истиқболдаги режалар ҳақида тўхталди. Журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
Институт билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ ОАВ вакиллари Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тақдирланди.
Шундан сўнг Наманган муҳандислик-қурилиш институтида олий ўқув юртлари орасида биринчилардан бўлиб ташкил этилган медиа марказнинг очилиш маросими бошланди, лента қирқилди. Медиа марказ институт матбуот котиби — ректорнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси хонаси ва студиядан иборат. Студияда фото ва видеолавҳалар тайёрлаш, интервьюлар олиш ҳамда кўрсатувлар ёзиш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, хона акустика талаблари асосида барпо этилган бўлиб, овоз ютиш хусусиятига эга, энг сўнгги русумдаги аудио ва видеотехника билан жиҳозланган.
НамМҚИ медиа марказининг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддинов қатнашди.
Наманган муҳандислик-қурилиш институти ахборот хизмати