Наманган муҳандислик-технология институтида талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилувчи янги «Озиқ-овқат технологияси» лаборатория маркази фойдаланишга топширилди.

Ушбу марказ жорий йилнинг 20 июнь куни давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалардан бири сифатида ташкил этилиб, муҳандислик соҳасидаги таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишга йўналтирилган. Мазкур лаборатория замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, талабалар учун 10 дан ортиқ фан бўйича дарслар ўтиш ва 100 дан ортиқ лаборатория машғулотларини ўтказиш имконини яратади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги байрами арафасида очилган ушбу лаборатория маркази асосан кондитер маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Талабалар дарсдан ташқари бўш вақтларида лабораторияда турли хил пишириқларни ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўладилар. Бу нафақат назарий билимларни чуқурлаштириш, балки бўлажак мутахассис сифатида профессионал шаклланишларига ҳам хизмат қилади.

Шунингдек, институтнинг «Озиқ-овқат технологияси» кафедраси қошида ташкил этилган spinn-off корхонаси орқали талабалар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишадилар. Ушбу корхона ёшларга ўз билим ва малакаларини реал амалиётда синаб кўриш имконини бериб, уларнинг касбий ривожланишига самарали кўмаклашади. Янги лаборатория маркази, шубҳасиз, таълим сифатини оширишда ва замонавий кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутади.