Маълумки, қалбаки пул маблағларини тайёрлаш ва уни муомалага киритиш оғир жиноятлардан биридир. Бироқ гурунч курмаксиз бўлмаганидек, ҳали-ҳануз айрим фуқаролар ўз манфаати ва нафси йўлида иқтисодиётга зиён эканлиги ва бунинг оқибати қанчалик оғир бўлишини ўйламаяптилар.
2020 йилнинг 3 февраль куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир мобайнида сохта пулни муомалага киритиш пайида бўлган фуқароларни фош этдилар. Аниқланишича, Қирғизистон Республикаси фуқароси Н.М Тўрақўрғон туманида яшовчи
Х.С билан жиноий қиймати 100 АҚШ доллари бўлган жами 200 дона қалбаки банк билетларини 9000 АҚШ долларига сотаётган вақтда ушланган.
Суд мазкур жиноят иши юзасидан мавжуд далиллар ва гувоҳлар кўрсатмаларини ҳар тарафлама, синчиклаб ўрганиб, Н.М ва Х.Слар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 223, 176-моддалари билан айбдор деб топилиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Иш бўйича далилий ашё тариқасида олинган қалбаки 20.000 АҚШ долларини тегишли тартибда йўқ қилиш белгиланган эди. Жорий йилнинг 3 март куни ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида тадбир ташкил этилди. Комиссия томонидан йўқ қилишга доир ҳужжатлари атрофлича кўрилди. Шундан сўнг махсус печ ёрдамида қалбаки доллар ёқиб юборилди.
Азизбек УСМОНОВ,
МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочиси.