Наманган вилояти Давлатобод туманида умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари, Наманган давлат техника университети бўлим бошлиғи, ушбу бўлим мутахассиси ва бошқа ҳамкор шахслар ўзаро тил бириктирган ҳолда, педагог ходимларнинг малака тоифаларини белгилаш учун ўтказиладиган аттестация имтиҳонларида ноқонуний ёрдам кўрсатгани аниқланди.

Маълум қилинишича, улар моддий манфаат эвазига махсус жиҳозланган “бункер” орқали тест топширувчи ўқитувчиларга масофадан туриб ёрдам бериб келган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Наманганда ўтказилган тезкор тадбир чоғида “бункер” сифатида фойдаланилган хонадон кўздан кечирилди. Текширув давомида у ерда тест саволларини ечишга жалб қилинган 12 нафар ўқитувчи борлиги аниқланди.

Хонадондан ноутбук, 30 дона турли хил эшитиш мосламалари, яширин камералар, 8 дона Wi-Fi роутер ва бошқа жиҳозлар ашёвий далил сифатида олинди.

Терговга қадар текширув жараёнида маълум бўлишича, мактаб директори ўринбосари ва ҳамроҳлари имтиҳон натижаларини ижобий чиқариб беришни ваъда қилган ҳолда, вилоятдаги айрим ўқитувчилардан 1300–1500 АҚШ долларигача пул талаб қилган. Фақат 2024 йилнинг сентябрь–октябрь ойларида улар жами 25 минг доллар атрофида маблағ йиғиб олгани маълум қилинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, айтилишича, Давлатобод туманидаги ўрта мактаб директори ўринбосари ҳамда “бункер”ни бошқарган 2001 йилда туғилган фуқаро аввал ҳам худди шундай жиноят учун жавобгарликка тортилган шахслар экани аниқланган.