Бош прокуратура хабарига кўра, тарқатилаётган кўмирнинг аҳолига етиб бориши юзасидан прокуратура органлари томонидан ўтказилаётган назорат тадбирларининг бирида “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Наманган вилоят филиали тасарруфидаги Учқўрғон тумани кўмир омбор мудири У.Н. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 623,7 тонна кўмирларни талон-торож қилгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши доирасида Учқўрғон тумани кўмир омбор мудири У. Н. процессуал тартибда ушланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Шунингдек, “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Фарғона вилоят филиали тасарруфидаги Бувайда туман кўмир омбор мудири А.И. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 413,8 млн сўмлик 1.364,3 тонна кўмирларни гўёки фуқаролар олгани тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, кўмирни нақд пулга сотиб, шахсий манфаатлари йўлида талон-торож қилган.
“Кўмир таъминот” МЧЖ нинг Андижон вилоят филиали тасарруфидаги Андижон туман кўмир омбор мудири Ш.Б. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 362,3 млн. сўмлик 1.220,0 тонна, шу каби, Булоқбоши туман кўмир омбор мудири С.Н. 178,3 млн. сўмлик 445,5 тонна ҳамда Жалақудуқ туман кўмир омбор мудири Й.Ю. 421,7 млн. сўмлик 1.419,9 тонна кўмирларни гўёки фуқаролар олганлиги тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, кўмирни нақд пулга сотишиб, шахсий манфаатлари йўлида талон-торож қилишган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан омбор мудирлари Ш.Б., С.Н., ва Й.Ю. га нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а ” банди ва бошқа моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ушбу шахслар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.
Жиноят ишлари юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан омбор мудирига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу шахс процессуал тартибда ушланди.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мазкур йўналишда назорат тадбирлари давом этмоқда.