Фестиваль доирасида ёшлар ўзларининг бор билим-кўникмаларини намойиш этиб, юксак марраларни забт этишди.

Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ғолиб ва совриндорларни тақдирлади. Хусусан, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустамжон Исроиловга «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ўтказилган ёшлар фестивалда фаол иштироки ҳамда ўтган давр мобайнида фан, таълим соҳаларида янги ғоя ва ташаббусга эга, олимпиада ҳамда турли танловларда юқори натижаларга эришганлиги муносабати билан 50 нафар ёшлар даволаниши ва дам олиши учун 82 000 000 сўмлик сертификат топширилди.

Қолаверса, фестиваль доирасида уюштирилган «Заковат» интеллектуал ўйинида 2-ўринни қўлга киритган ўқувчилар жамоаси 10 000 000 сўм миқдоридаги сертификат билан тақдирланган бўлса, Мингбулоқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларига «Ўздавкитобсавдотаъминоти» МЧЖ ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида Наманган вилоятида ўтказилган китоб тарғиботи тадбирларидаги ғолиб бўлганлиги учун 50 000 000 сўмлик китоблар жамланмаси учун сертификат тақдим этилди, деб хабар беради Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати.