Вилоят Ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, Наманган шаҳрида фуқаро ички ишлар бўлими биносида қийноққа солингани ортидан жиноят иши қўзғатилди.
Ўрганишларда маълум бўлишича, жорий йилнинг 14 август куни Наманган шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро Ў.А. оилавий низо сабаб ички ишлар бўлимига олиб келинган. У билан профилактик суҳбат ўтказилиб, шу куни уйига қайтарилган.
«У билан профилактик суҳбат олиб борилиб, шу куни уйига рухсат берилган. Орадан икки кун ўтиб, 16 август фуқаро соғлиги ёмонлашганлиги сабабли тиббиёт муассасасига мурожаат қилганлиги аниқланган», — дейилади хабарда.
Фуқаро Ў.А.га етказилган тан жароҳатлари бўйича Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
"Иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат Ички ишлар вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган. Вазирлик раҳбарияти бошчилигида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, Наманган вилоятига юборилган", — дейилади ИИВ берган баёнотда.
Мазкур ҳолат юзасидан айбдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, қатъий чора кўрилиши белгиланган.