4 июнь куни Поп тумани “Шайхон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чодаксой сойида олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари якунланди. Қидирув тадбирлари давомида 2002 йилда туғилган фуқаронинг жасади сойдан топилди ва тегишли тартибда мутасадди ташкилотларга топширилди.

28 май куни 23 ёшли йигит қариндошлари билан биргаликда Поп туманида жойлашган дам олиш масканига келиб, у ердан оқиб ўтувчи “Чодаксой” сойига чўмилиш мақсадида тушган, эҳтиётсизлиги оқибатида чўкиб кетиб, қайта чиқмаган эди.

ФВБ хабарида қайд этилишича, қутқарувчилар томонидан қидирув ишлари узлуксиз равишда олиб борилди. Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарувчилари томонидан сув юзасида, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди ходимлари эса сув остида қидирув ишларини олиб борган.

Фуқаролардан чўмилиш тақиқланган ҳамда хавфли деб белгиланган ҳудудларда сувга тушмаслик, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш сўралди.

15 май куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида 13 ёшли қиз Тўпаланг дарёсига оқиб кетиб, вафот этганди. Март ойи охирида Тошкент вилояти Чиноз туманида Бўзсув каналига тушиб кетган 34 ёшли эркакнинг жасади 9 кундан сўнг топилганди.