Наманган вилоятида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 январдаги “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти давлат корхонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Наманган вилоятида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги кўмаги билан Наманган давлат университетида ташкил этилган тадбирда "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, таҳририят ходимлари, ҳокимлик масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари – зиёлилар, ёзувчи-шоирлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар масъуллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёшлар, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар “Янги Ўзбекистон” ижтимоий-сиёсий газетаси янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларнинг ҳаётий ифодаси сифатида ташкил этилганини алоҳида эътироф этиб, ўтган қисқа давр мобайнида у катта аудиторияни қамраб олгани, таҳлилий-танқидий мазмундаги мақолалар билан бугунги ислоҳотлар самарадорлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини қайд этди.

Тадбирда, шунингдек, талаба ёшлар ўртасида газеталар фаолиятига доир тезкор-савол-жавоблар ўтказилди. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар таҳририятнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.