"Бугун биз Намангандаги ихтисослаштирилган маданият мактабида бўлдик. Даргоҳга қадам қўйганимизданоқ, ушбу масканнинг реконструкцияга муҳтож экани яққол кўзга ташланди. Ҳар бир синфларга кириб, бу ерда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг нафақат юриш-туриши, ўзини тутиш маданияти ва тарбияси, балки мусиқий билим даражасига ҳам эътибор қаратдик.

Айниқса, анъанавий хонандалик йўналишида таҳсил олаётган ёшларимиз кўзида кичик бўлса-да, учқун кўрмаганимиз қаттиқ хафа бўлдик, муаммо сабабини изладик. Айни ёниб-чақнаб, бор иқтидоримни кўрсатаман деган ёшдаги санъатимиз давомчилари ҳозирдан 50-60 ёшли мақом ижрочиларини эслатиб турса, эртага нима бўлади?.. Илгари мақом йўналишини танлаган устозларимиз аввал бу илмни пухта эгаллаб, кейин ижод қилишган. Бизнинг ёшлар эса уларга тақлид қилаётгандек... Ижро маҳорати зўр, аммо ёшларга хос хатти-ҳаракатлар йўқ... Агар улар ўзларини тенгқурларига мос тутишса, ортидан бошқалар ҳам эргашади.

Яна бир муаммо чолғу асбобларининг етишмаслиги ва ўқув қўлланмаларининг йўқлиги билан боғлиқ. Мусиқа санъатини ўрганаман деб ихтисослаштирилган мактабга келган болаларнинг қўлига чолғу асбоблари ёки ўқув қўлланмалари ўрнига оқ қоғозлар тутқазиб қўйилиши – бу жуда оғриқ нуқтамиз.

Шунингдек, мактабнинг ётоқхона шароитлари билан ҳам танишдик. Улар ҳам талабга умуман жавоб бермайди.

Биз бу даргоҳнинг ўз номига мос ва хос ҳақиқий ихтисослаштирилган маданият мактаби бўлишини истаймиз..." дейди Маданият вазири Озодбек Назарбеков.