Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ билан ҳамнафас, халқ дарди билан қайғуриб яшайди, амалдаги ислоҳотлари ҳам шунга ҳамоҳанг. Қаерга бормасин оддий одамлар билан учрашишга, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилади. Наманганнинг “Бунёдкор” маҳалласи одамлари шу йилнинг 19 февраль санасини ҳеч унутмайди. Шу куни давлатимиз раҳбари кутилмаганда “Бунёдкор” маҳалласига борди. Бу ердаги муаммоларни ўз кўзи билан кўриб, халқнинг дарду ташвишларини юзма-юз туриб эшитди.
“Бунёдкор” маҳалласи узоқ йиллар эътибордан четда қолиб, ярим асрки номига номуносиб бўлиб келган. Эътиборсиз ўтган йиллар мобайнида неча муаммолар бир-бирига уланди. Ичимлик сув, йўл, электр энергияси, газ ва ишсизлик, кўчалар лой, шароит оғир... Муаммоларни санасанг саноғи кўп бўлди. Одамларнинг кайфияти тушкун, ҳаётга бўлган иштиёқи сўниб бораётган бир кунда Президентимизнинг ташрифи қора булутдан сўнг чарақлаб чиққан қуёш каби қалбларни ёритиб юборди, узоқ кутилган орзулар ушалиши муждаси, ободлик ишораси эди бу.
Бугун бунёдкорликларнинг армонлари ариди. Президентимизнинг маҳаллани обод қилиш, одамларга муносиб турмуш шароити яратиш борасида берган топшириқлари асосида маҳалла ўз номига муносиб бўлиб, вилоятнинг энг файзли масканига айланмоқда.
"Бунёдкор" маҳалласида салкам 13 мингга яқин фуқаро яшайди. Бу ерда энг оғриқли муаммо ичимлик сув эди. Бугун одамлар шу тарихий муаммо ҳал бўлганидан хурсанд, ишонгиси келмайди. Оғир кунлар ортда қолгани чин бўлсин, дея шукрона айтмоқда.
Айни пайтда маҳалладаги 9 та кўчага ичимлик суви тортиш ишлари олиб бориляпти. Бу маҳалла одамларининг тоза ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини қондиради.
– Маҳалламиздаги ўзгаришлар, аввало, Президентимиз ташрифидан сўнг одамларнинг кўтаринки кайфиятидан бошланди. Уларнинг эртанги кунга ишончи ортди. Кўчаларга файз кирди. Ободонлаштириш ишларига маҳалладошларимиз ҳам астойдил бел боғлашган. Дарахтлар оқланиб, ҳовлилар деворлари таъмирланди, кўчалар асфальт бўляпти. Энг қувонтирадигани – ичимлик сув келди, – дейди 68 ёшли маҳалла фаоли Ёқубжон Аҳмадалиев.
Маҳаллада электр энергияси таъминотида ҳам узоқ йиллардан буён камчиликлар кузатилган. Хизматини ўтаб бўлган симёғочлар, эскирган трансформаторлар, электрнинг тез-тез ўчавериши одамларнинг ишончини сўндирганди. Энди бу муаммолар ҳам бартараф этилди.
Бошланган хайрли ишлар доирасида 572 та бетон таянч қўйилди, ёғоч устунлар бетонига алмаштирилди, 4 та янги трансформатор ўрнатилди. Ишга яроқли, деб топилган 19 таси таъмирланмоқда. Хуллас, маҳалла тунлари чароғон бўлди, чироқ ўчмай қолди.
Маҳаллада қарийб 1 гектар майдондаги кичик саноат зонасида қурилиш ишлари ҳам авж олди. Шу ҳудудда амалга ошириладиган, умумий қиймати 25 миллиард сўмлик 5 лойиҳанинг асосий таъсисчилари эса ёшлар. Бу лойиҳалар ишга тушиб кетса 500 та янги иш ўрни яратилар экан. Маҳалла ёшлари, аёллар, қизлар уйидан бир қадам наридан иш топса яхши-да.
Бунёдкорда баҳор ўзгача файзли бошланди. Мутасадди раҳбарлар 10 гектарли ҳудудда яна битта кичик саноат зонасини бунёд этишга аҳд қилди. Уни “Ёшлик” кичик саноат зонаси, дея номлашди. Шу кунларда қурилиш ишлари авжида. Бу ерда тез фурсатларда ишга тушадиган 37 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Пировардида, қўшимча 2500 янги иш ўрни пайдо бўлади. Бу маҳалланинг эр йигитлари энди оиласи бағридан узоқда, мусофирлик нонини еб оила боқмайди, дегани.
Соғлиқ – бебаҳо. Киши соғ бўлсагина, танасида оғриқ сезмагандагина тўй-томоша, ободлик ишлари шукуҳи татийди, шундагина катта бунёдкорликларга белбоғлайди, меҳнат қилади, пул топади.
"Бунёдкор" маҳалласини ободонлаштириш ишларида ана шу жиҳат ҳам эътибордан четда қолмади. Тиббиёт ходимлари аҳоли соғлиғини текшириб уйма-уй юрди. Маҳалла одамлари “ҳали бунақа эътиборни кўрмаганмиз”, дея ўзини давлатга керакдек ҳис қила бошлади.
Қарангки, одамларнинг ҳаммаси ҳам соғлом эмас экан. Лекин эътиборсизлик сабаб шифокорга борилмаган. Шифокорлар тиббий ёрдамга муҳтож аёллар ва болаларга, кексаю ёшга дори-дармон берди, қаерга бориб кимга учрашишни, қайси шифохонада ётиб даволанишни айтади, зарур ҳолларда йўлланмалар тақдим этилди. Ногирон беморлар эса мобил бригада томонидан кўрикдан ўтказилди.
“Маҳаллабай” ишлаш тизими “Бунёдкор” аҳолиси ҳаётига ҳам янгича мазмун олиб кирди. Имкониятдан фойдаланган Шаҳноза Кенжаева 4 миллион сўм кредит олиб 2 сотих жойга иссиқхона қурди. Биринчи экин – кўкатларни 2,5 миллион сўмга сотди. Бугун иссиқхонада иккинчи экин – помидор ва бодринг парваришланмоқда.
Бобурмирзо Тешабоев эса 30 миллион сўм кредит олиб сутни қайта ишлаш цехини қурди. Бир ойда ўртача 5 миллион сўм соф фойда олишни режалаштиряпти. Мана шундай эҳтиёжманд фуқароларга аниқ ҳисоб-китоблар асосида қорамол, қўй, товуқ тарқатилди, иссиқхона қуришда кўмак берилди.
“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича ҳам ишлар самарали ташкил этилмоқда. Бугун бу дафтарлардаги хотин-қизлар ва ёшларнинг кўпи ишли бўлди, кимдир тадбиркорлик, кимдир деҳқончилик, яна кимдир ҳунармандчилик билан шуғулланишни бошлади. Натижада одамлар турмушида ижобий ўзгаришлар кузатилиб, уларнинг ҳаётга бўлган меҳри ошди.
“Бунёдкор” маҳалласи бугун ана шундай файзли масканга айланган.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
журналист