Маълумот сифатида, Наманган давлат университети жамоасининг деярли 35 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Олий ўқув юртининг факультет деканлари, кафедра мудирлари ва бўлим бошлиқларининг 16 нафари аёллардан иборат, бир йил аввал 9 нафар эди. Таҳсил олаётган талабаларнинг 60 фоизи бу кўрсатгичга эга. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишлаш ва билим эгаллашлари учун зарур шарт-шароит яратишга, Талабалар турар-жойларида соғлом муҳитни таъминлашга, ҳуқуқий ҳимоялашга катта эътибор қаратилмоқда.
Куни кеча Наманган давлат университети хотин-қизлар Кенгашининг йиғилиши бўлди. Унда университет ўқув ишлар бўйича проректори Дилшод Холматов, ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Наримон Деҳқонов қатнашдилар. Улар ўз нутқида Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб, турли учрашувларни уюштириш лозимлигини таъкидлашди. Шунингдек, хотин-қизларни доимий қўллаб-қувватлаш ижроси Наманган давлат университетининг барча йўналишларида намоён бўлаётганини, намунали йўлга қўйилаётганини эътироф этишди.
НамДУ хотин-қизлар Кенгаши раиси Саодат Усмонова, хотин-қизлар Кенгаши раиси ўринбосари Озода Чубоева ва факультетлардаги фаол аёллар сўз олиб, университет томонидан хотин-қизларга берилаётган имкониятлар хусусида гапирдилар. Биргина мисол, педагогик жамоада раҳбар бўлиб ишлаётган аёллар сони ортиб бораётгани, бу эса гендер тенглигини таъминлашда асосий омил эканлигини қайд этишди.
Шунингдек, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Олий Мажлис ва Ҳукумат 1 ой муддатда жамият ва давлат бошқарувида хотин-қизлар мавқеини оширишга қаратилган яхлит тизим яратиш тўғрисидаги бандга алоҳида тўхталиб, мазкур мавзуда йиғилганларни очиқ мулоқотга чорланди. Муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазалар ҳам ўртага ташланди. Жумладан, талаба қизлар ўртасида кийиниш, саломлашиш, мобил телефонлардан тўғри фойдаланиш, ахборот хуружларидан муҳофазалашдаги камчиликларни бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлигини билдиришди. Йиғилиш сўнгида кун тартибидаги масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шоира ТЎХТАБОЕВА,
НамДУ ахборот хизмати раҳбари.