Космик агентлик NEOWISE инфрақизил телескопидан олинган суратлар асосида яратилган, фазовий кенгликлар ҳақида ҳикоя қилувчи видеони эълон қилди. У кўплаб қизиқарли ҳодисалар, жумладан, қора туйнукларнинг фаоллиги, ўлаётган юлдузларнинг тебранишлари ва жигарранг митти ҳаракатини намойиш этади.
2009 йилдан бери коинотда бўлган NEOWISE телескопи Қуёш атрофида айланиб, барча йўналишларда суратга олади. Америкалик тадқиқотчилар жамоаси телескоп томонидан олинган 18 та харитани бирлаштириб, бутун самовий кенгликнинг глобал вақт оралиғини яратишди. Уларнинг айтишича, ҳар бир харита астрономлар учун улкан манба, аммо келгусида у коинотни яхшироқ тушуниш учун янада кучлироқ манба бўлиб хизмат қилади.
“Тунги осмонга қарасангиз, у ерда ҳеч нарса ўзгармаётгандек туюлиши мумкин. Аслида юлдузлар туғилади ва ўлади, қора туйнуклар юлдузларни ўзига сингдиради ва яна кўп ўзгаришлар содир бўлади. Бундай шарҳлар коинот қандай ўзгариб бораётганини тушуниш ва унинг сирларини очишимизга ёрдам беради”, дейди Аризона штат университети мутахассиси Эми Майнцер.
NEOWISE тасвирларида Ердан 690 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган галактиканинг ёрқинлиги ошишини кўришингиз мумкин. Бунга юлдузнинг супермассив қора туйнук томонидан ютилиши сабаб бўлган. Бошқа бир вақт оралиғи эса тебранувчи юлдуз ҳаёти сўнгига яқинлашаётганини кўрсатади.
NEOWISE тасвирлари, шунингдек, табиати астрономлар учун ҳалигача сир бўлиб қолаётган ёруғликлар, жигарранг митти ҳаракатлар ва кутилмаган юлдуз чақнашларини намойиш этади.