“Жорий мавсумда ўз олдига жиддий мақсадларни қўяётган “аждарлар” давралар оралиғида таркибни кучайтириш мақсадида бразилиялик ҳужумчи Матеус Лима Крузни таклиф этди. Футболчи ҳозир Тошкентда тиббий кўрикдан ўтмоқда. Круз бугун Қарши шаҳрига етиб келади”, дея хабар тарқатди “Насаф” клуби матбуот хизмати.
Маълумки, қаршиликлар Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва Осиё чемпионлар лигасидаги иштирокини давом эттирмоқда. Жамоа биринчи даврадан кейин босниялик легионер форвард Семир Смайлагич билан хайрлашган эди. Унинг ўрнига 29 ёшли Матеус Лима Круз таклиф этилган.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бразилиялик ҳужумчи сўнгги мавсумларда Сербия, Хорватия ва Исроил клубларида ўйнаган. У 2021 йилда Исроилнинг “Ҳапоэл Ришон” клуби таркибида 34 ўйинда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 7 бор аниқ нишонга олган.