Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция аризаларини my.uzbmb.uz сайтида (шахсий кабинети орқали) онлайн тарзда 15 августдан 24 августга қадар (10 кун давомида) беришлари мумкин.
Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Абитуриент апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим.
Апелляция аризасини берган абитуриентга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.
Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва хабарнома билан Билимни баҳолаш агентлигига (ёки хабарномада белгиланган жойга) келиши керак.
Апелляция шикоятларини кўриб чиқиш 2025 йил 21 августдан бошланади.
Эслатиб ўтамиз, 2025/2026 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижаларини 3 хил усулда билиш мумкин.
1) my.uzbmb.uz сайти орқали:
- my.uzbmb.uz сайтига абитуриентнинг паспорт серияси ва рақами ҳамда шахсий идентификатсия рақамини киритган ҳолда.
2) mandat.uzbmb.uz сайти орқали:
- mandat.uzbmb.uz сайтига абитуриентнинг ID рақамини киритган ҳолда.
3) Тест натижалари қайдномаси орқали:
Шунингдек, тест натижалари қайдномаси олий таълим муассасаларига тақдим этилади.