Унда Қўмита ва экспертлар Кенгаши аъзолари, масъул вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби масалалари дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги, «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар атрофлича муҳокама қилинди.
Қўмита аъзолари «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Қонун билан органик маҳсулотлар соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади. Хусусан, органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Бундан ташқари, органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўтиш шартлари, органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга доир талаблар, органик маҳсулотларни давлатимиз ҳудудига олиб кириш ва республикамиздан олиб чиқиш тартиби мустаҳкамланяпти.
Қонуннинг қабул қилиниши органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратиш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, хўжалик субъектлари учун муносабатларни муфассал ҳуқуқий тартибга солишга ёрдам беради.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилди.
Шунингдек, Қўмита ҳузуридаги Экспертлар кенгашининг янги таркиби тасдиқланиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Қўмита мажлисида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.