Самарқанд вилоятидаги «Навобод наслли парранда» кўп тармоқли фермер хўжалиги йирик экспортёр корхоналардан бири саналади. Айни кунларда бу ерда 300 минг наслли парранда парваришланмоқда. Корхона томонидан ойига 2 миллион донадан ортиқ наслли жўжалар парваришланиб, республикамизнинг қарийиб барча паррандачилик корхоналарига етказиб берилмоқда. Корхона филиаллари Андижон, Хоразм, Сурхондарё, Тошкент вилоятида ҳам фаолият юритмоқда.

Дастлаб наслли жўжалар Германиялик ҳамкорлар томонидан етказиб берилган бўлса, бугунга келиб корхона қошидаги инкубация цехида жўжаларни очириш йўлга қўйилган. Хорижнинг замонавий ускуналари ёрдамида ҳар 100 та тухумдан 90-95 та жўжалар очиришга эришилмоқда.

«Навобод наслли парранда» кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан 2020 йилнинг март-апрель ойлари давомида 88 минг 335 та наслли жўжалар келтирилган. Паррандачиликда наслчиликни янада такомиллаштириш мақсадида корхона томонидан Венгрия давлатидан 64 минг 868 та РОСС-308 наслчилик жўжалари олиб келиниб, парваришланмоқда.

Бир кунлик жўжалар Украиналик мутахассислар томонидан белгиланган муддатга карантинга олинди. Жўжалар 90 кун давомида парваришлангач, уларнинг тухумидан наслли парранда етиштириш йўлга қўйилади.

– Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд туман бўлими томонидан наслли жўжаларнинг меъёрий ҳужжатлар асосида карантин қоидаларига риоя этилиши назоратга олинди. Шунингдек, экспортёр давлатлар томонидан тақдим этилган жўжаларнинг ота-онаси наслини тасдиқловчи маълумотларнинг электрон базаси яратилди. Карантин муддати тугагач наслли парранда етиштириш бўйича ҳисоботлар базаси шакллантирилади, – дейди Инспекциянинг Самарқанд тумани бўлими чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўйича катта инспектори Хуршид Хуррамов.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан соатига 20 тонна парранда омухта еми ишлаб чиқарилиб, мамлакатимиздаги паррандачилик корхоналари ва Афғонистон, Тожикистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Фермер хўжалиги томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 9,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, йил охирига қадар 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган.

«Ўзагроинспекция»нинг

Самарқанд вилоят бошқармаси

ахборот хизмати