Мазкур ҳаракатлар натижасида маданият ва санъат соҳаси сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариляпти, жамиятда маънавий муҳит юксалаётир, ижодкорлар учун кенг имкониятлар яратилиб, миллий маданиятнинг рақобатбардошлиги ортмоқда. Шу билан бирга, тарихий меросни асраш ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш орқали маданий туризм кенгайиб, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга ҳам сезиларли ҳисса қўшмоқда.
Театр санъати шунчаки саҳнадаги
томоша эмас, балки инсониятнинг ўзини англаш воситаси ва юксак маънавият
масканидир. Унда ҳаётий воқеалар, инсоний туйғулар ва жамиятдаги долзарб
масалалар жонли ижро орқали томошабин қалбига етказилади.
Кино,
телевидение ёки интернетдан фарқли ўлароқ, театрда актёр ва томошабин ўртасида
бевосита руҳий алоқа ўрнатилади. Томоша давомида юзага келадиган энергия
алмашинуви инсонни чуқур мулоҳаза юритишга, яхшиликни ёмонликдан ажратишга
чорлайди. Шу боис, театр асрлар давомида ўз жозибасини йўқотмай, маънавий
покланиш ва тарбия ўчоғи бўлиб келмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда театр санъатига қаратилаётган
эътибор ва ғамхўрлик натижасида соҳанинг ривожланиш суръати сезиларли
даражада ошди. Янги ташаббуслар, замонавий ёндашувлар ва тизимли ислоҳотлар
нафақат ички имкониятларни кенгайтирмоқда, балки халқаро майдонда ҳам соҳанинг
мавқеини мустаҳкамлаётир.
Давлатимиз
раҳбарининг 2024 йил 22 ноябрдаги “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги
аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари
тўғрисида”ги қарори соҳа тараққиётида янги даврни бошлаб берди.
Ушбу
ҳужжат асосида “миллий қаҳрамон” ва “инсон қадри учун” мавзуларида спектакллар
яратиш, драматург ва режиссёрлар учун махсус мукофотлар жорий этиш, таълим ва
амалиёт уйғунлигини кучайтириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, театр
жамоалари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш, нодавлат театрларни
рағбатлантириш, ҳудудларда гастроль ва маданий хизматларни кенгайтириш каби
кўплаб устувор вазифалар белгиланди.
Бунинг
самарасини юртимиз театрларида қатор жиддий мавзуларда юксак савияли
спектакллар саҳналаштирилаётганида кўрмоқдамиз.
2026
йилнинг 18-19 апрель кунлари Ўзбекистон давлат драма театрида премьераси бўлиб
ўтган, буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг бебаҳо адабий мероси —
“Лайли ва Мажнун” достони асосида саҳналаштирилган спектакль ана шундай муҳим
маданий воқелик бўлди.
Бугунги
глобаллашув даврида турли бегона ғоя ва маданий таъсирлар кучайиб бораётган бир
шароитда Навоий мероси ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитувчи, миллий ўзликни
асрашга хизмат қилувчи бебаҳо манба сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Бу
мерос инсонни юзаки кўнгилочар нарсалардан кўра чуқурроқ мушоҳада юритишга ва
ҳаётнинг мазмуни ҳақида теран ўйлашга ундайди.
Мумтоз
адабиётимиз дурдоналарининг театр саҳнасига олиб чиқилиши нафақат маданий
меросни сақлаш, балки уни халқчил тилда қайта жонлантириш воситасидир.
Саҳнадаги ҳар бир чиқиш орқали халқимизнинг неча асрлик қадриятлари, миллий
ўзлиги ва маънавий илдизлари замонавий авлод учун янгидан кашф этилади.
Ғоя
муаллифи ва адабий маслаҳатчи — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султон,
инсценировка муаллифи — Икром Искандар, саҳналаштириш бадиий раҳбари —
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Салимов, саҳналаштирувчи
режиссёр Асқар Холмўминов каби профессионал ижодкорлар меҳнати маҳсули бўлган
ушбу асар жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
“Лайли
ва Мажнун” достони шунчаки икки ёшнинг фожиавий муҳаббати ҳақидаги қисса эмас,
балки инсон руҳининг юксалиши ва маънавий камолот босқичларини ёритиб берувчи
юксак фалсафий асардир.
Унда
Қайснинг Мажнунга айланиш жараёни — инсоннинг ўз нафсини жиловлаши, дунёвий
манфаатлардан воз кечиб, илоҳий ишқ ва мутлақ ҳақиқатга интилиши рамзий тилда
баён этилган. Мажнуннинг саҳродаги узлатда яшаши унинг ички оламидаги ҳайвоний
сифатларни енгиб, комил инсон даражасига кўтарилганидан далолат беради.
Асар
инсонни садоқат, ҳаё ва қатъият каби олижаноб фазилатлар руҳида тарбиялайди.
Лайли сиймосидаги иффат ва сабр, Мажнун образидаги чексиз фидойилик ва аҳдга
содиқлик ҳар бир давр кишиси учун ўзига хос ахлоқ мактаби бўлиб хизмат қилади.
Навоий
бу достон орқали инсоннинг ҳақиқий қиймати ташқи кўриниши ёки ижтимоий келиб
чиқиши билан эмас, балки қалбининг поклиги ва эзгу ғоялар йўлидаги руҳий
матонати билан ўлчанишини уқтиради.
Спектаклнинг
ўзига хос томони унда Алишер Навоий образининг ровий сифатида иштирок этишидир.
Бу, бир томондан, томошабинларга Навоий бобомизнинг ички кечинмаларини кўрсатиб
бериш имконини яратса, иккинчи томондан, саҳна имкониятлари етмайдиган муҳим
нуқталарга ровий орқали алоҳида эътибор қаратишга хизмат қилган. Спектаклда
Навоий тилидан унинг туркий тил қудрати ва бу тилда юксак асар яратиш иштиёқи
ҳақидаги машҳур байтлари янграйди.
Бу
орқали мутафаккир бобомизнинг нафақат ишқ куйчиси, балки миллий тилимиз ва
давлатчилигимиз фидойиси бўлгани яна бир бор намоён этилади. Спектаклни кўрган
томошабин унинг айни шу жиҳатларига эътибор қаратиши жоиз.
Мазкур
спектакль томошабиндан муайян маънавий тайёргарликни талаб этади. Зеро, асарни
Навоий ижодидаги рамзийлик ҳамда тасаввуфий кечинмаларни англамай туриб томоша
қилган инсон уни Шекспир асарлари руҳида яратилган фожиали севги қиссаси
сифатида қабул қилиши мумкин. Аслида, бу асар инсон руҳининг юксакликка
интилиши, илоҳий ишқ ва комиллик ифодаси сифатида талқин этилган.
Мазкур
спектаклни Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” фожиасига қиёслаш мумкин, бироқ
уларнинг моҳияти ўртасида улкан тафовут мавжуд. Шекспир трагедияларида инсоний
тақдирлар реал ҳаётий чизгилар ва эҳтирослар фонида тасвирланса, Навоий
достонларида фалсафий мушоҳада ва комил инсон ғояси устувор. Бу асарлар шунчаки
севги қиссаси эмас, балки рамзий маънолар силсиласи орқали инсон руҳини
покликка, маънавий юксакликка чорловчи бир даъватдир.
Режиссёр
илоҳий ишқ ҳақидаги достон — “Лайли ва Мажнун”ни саҳналаштирар экан, унинг
саҳналарини бежиз “Ромео ва Жульетта”га қиёсан қурмаган. Спектаклдаги
қаҳрамонларнинг ниқобларда чиқиши, Ромеонинг Жульеттага талпингани каби
Қайснинг темир конструкция юқорисидаги Лайлига талпиниши, ибн Салом ва Тибалт
каби қаҳрамонларнинг қиёсий олиниши кабилар Навоий достонининг нафақат Шарқ
афсонаси, балки умуминсоний қадриятлар ифодаси эканини ҳам англатади.
Навоий
даҳоси ва юксак бадииятини саҳнага кўчириш осон иш эмас. Унга мос саҳнавий
ифода воситаларини топиш ижодкорлардан катта маҳорат талаб этади. Синтетик
санъат бўлмиш театрда ҳар бир компонентнинг ўз ўрнида ва юксак савияда
қўлланиши, ўзаро уйғунлиги жуда муҳим аҳамият касб этади.
Саҳна
очилганда унинг кўндалангига жойлаштирилган, ҳар ерида нарвонлари мавжуд ҳамда
юқорисида иштирокчиларнинг ижроси учун ҳозирланган, юзага эга бўлган иккита
темир конструкция саҳнани иккига ажратиб турганини кўрамиз. Ичкарида эса
томошабинга ғира-шира кўринадиган тарзда ишқ куйчилари ўтирибди.
Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган артист Муножот Тешабоева ҳамда артистлар Зарифа Алимқулова,
Нодир Бегмуродов, Юнус Асқаровдан иборат бу гуруҳ ижросидаги ҳазин қўшиқлар,
юракларни сел қилгувчи нолалар спектаклга руҳ бағишлаган бўлиб, достоннинг туб
моҳиятини очишга хизмат қилган. Умуман, режиссёрнинг композитор Айепберген
Отегенов билан ҳамкорлиги самарали бўлган дейиш мумкин.
Спектаклда
жаранглаган мусиқаларда нафақат шарқона, балки Европа мусиқаси билан уйғун
композициялар ҳам борки, улар томошабиннинг тасаввурини чексизликларга олиб
кетади. Саҳнанинг ортиқча безакларсиз, фақат ғилдиракли икки қаватли
темирлардан иборат экани ҳам кўрсатилажак воқеаларнинг бир ҳудуд, бир давр ёки
бир минтақага оид эмаслигини, балки азалу абад афсонаси эканини жонлантиришга
имкон берган.
Саҳналаштирувчи
рассом Миржалол Холиқов ҳамда либослар бўйича рассом Раъно Хайриддинованинг
спектакль бадиий ечими борасидаги ишлари ҳам томошабин эътиборини тортади.
Сценографиядаги
минимализм эътиборни ортиқча нарсалардан сақлаб, асосан воқеаларга, қаҳрамонлар
руҳиятидаги ҳолатларга қаратишга ёрдам беради. Бунда биргина темир қурилма
турли функцияларда намоён бўлиб, спектаклнинг рамзийлигини янада оширган.
Айниқса, спектакль сўнггида ушбу қурилманинг икки севишган тобути вазифасини
бажариши ҳамда уларнинг қадрини билмаган барчанинг бу тобут тагидан галма-гал
ўтиб, гўёки уларни қабрга олиб кетаётган ҳолатнинг ифодаланиши жуда таъсирли
бўлиб, спектаклнинг бадиий-ғоявий жиҳатини очувчи муҳим нуқтадир.
Спектаклда томошабинларнинг эътиборини тортувчи асосий
восита — актёрлар ижроси. Ўзбекистон халқ артисти Азиза Бегматова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Илҳом Бердиев, Мадина Тўхтаева,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эгамберди Раҳимов, шунингдек,
Сирожиддин Сатторов, Нодир Муҳаммаджонов, Бекзод Зокиржонов, Ҳусния
Тўрамуротова, Буойша Иброҳимова, Пўлат Норматов, Юнус Асқаров, Шукуржон
Сўфиев каби истеъдодли актёрлар томонидан ижро этилган роллар спектаклнинг
бадиий таъсирчанлиги янада ошишига хизмат қилган. Ҳар бир актёрнинг образга
чуқур кириб бориши, саҳнадаги табиий ҳаракатлари ва ҳис-туйғуларни ишонарли
ифодалаши эътирофга лойиқ.
Ушбу
спектакль премьераси ўзбек театр санъатининг келажагига юксак умидни
жонлантирди. Зеро, спектакль забардаст режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг ҳаммаслаги
рассом Георгий Брим билан тандемдаги кўплаб ишлари, жумладан, Алишер Навоийнинг
“Садди Искандарий” достони асосида (Шуҳрат Ризаев инсценировкаси)
саҳналаштирилган “Искандар” спектаклини театр мухлислари ёдига солди. Ҳар
иккала спектаклда ҳам тасаввуфий фалсафа, инсон умри ва унинг мазмуни
борасидаги мушоҳада ёрқин намоён бўлади.
Шунингдек, Асқар Холмўминов айни спектакль орқали ўзбек
театрининг режиссёрлик
анъаналарини тиклагандай бўлди. Шу ўринда бундай хулосалар тасодифий эмаслиги
ва театр санъати ривожи учун етук режиссёрлар етиштириб бериш муҳим эканини
англаб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида режиссёрларни
тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб келинаётганини таъкидлаш жоиз.
Бу
борада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Салимов, Ўзбекистон
халқ артисти Валижон Умаровнинг талаба ёшларга сабоқ бериш учун институтга жалб
этилгани таъкидланган эзгу мақсадларнинг ифодаси дейиш мумкин.
Театр
саҳнасидаги мумтоз образлар жамиятда олижаноб фазилатлар ва юксак эстетик дид
тантанасига хизмат қилади. Ушбу спектакль томошабин учун чинакам маънавий озуқа
ва миллий ғурур манбаи бўлиб қолгусидир.
Яна
таъкидлаш жоизки, бугунги мураккаб ва тезкор ахборот оқимлари даврида театр
санъати инсонни ички сукунатга, тафаккур ва мушоҳадага чорлайдиган ноёб макон
сифатида янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, мумтоз меросимизни саҳна талқинида намойиш этиш
орқали ёш авлод онгида миллий ўзликни мустаҳкамлаш, юксак маънавий қадриятлар
руҳида тарбиялаш имконияти кенгаймоқда. “Лайли ва Мажнун” каби асарлар саҳнада
жонланар экан, улар нафақат эстетик завқ бағишлайди, балки инсон қалбида эзгулик,
садоқат ва поклик каби туйғуларни уйғотиб, жамият маънавий иммунитетини
мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу
саҳна асарини кўрган ҳар бир томошабин Навоийни ўқиган бўлса, тасаввурлари
янада теранлашади, бордию чуқур ўрганмаган бўлса, уни ўрганишга иштиёқи ошади.
Пировардида эса у ҳам театрга, ҳам адабиётга ошно бўлади.
Шу нуқтаи назардан, театр жамоалари
зиммасига янада катта масъулият юкланади. Ҳар бир саҳна асари томошабинга
нафақат завқ, балки фикр, савол ва ички ўзгариш олиб келиши лозим. “Лайли ва
Мажнун” спектакли ана шундай асарлар сирасига кириб, томошабинни ўз руҳий
оламига назар ташлашга ундайди.
Нодирбек САЙФУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон
давлат санъат ва маданият
институти ректори, профессор