Навоий ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган ушбу фестивалда мамлакатимизда турли йўналишларда (драма, мусиқали ва қўғирчоқ) фаолият кўрсатиб келаётган йигирмага яқин профессионал театр ўз асарлари билан иштирок этди. Фестивалда намойиш этилган асарлар икки йўналишда драматик-мусиқали ва қўғирчоқ театрлари гуруҳларга ажратилиб баҳоланди.
Тадбир ғолибларини аниқлашда спектаклнинг бадиий-ғоявий савияси ва маънавий-маърифий, тарбиявий аҳамияти, мавзунинг долзарблиги, спектаклнинг режиссёрлик ечими, стенографиянинг оригиналлиги, мусиқий безак ва бошқа эффектларнинг таъсирчанлиги, шунингдек, қўғирчоқлар дизайни, актёрлик маҳорати, асарларнинг драматургия талабларига нечоғли мослигига эътибор қаратилди.
Спектаклларнинг аксари буюк мутафаккир асарларининг инсценировкалари асосида саҳналаштирилган. Шу билан бирга, Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган оригинал драматургия асосидаги саҳна асарлари ҳам мавжуд. Хусусан, Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри Уйғун ва Иззат Султон қаламига мансуб, бадиий жиҳатдан мукаммал Алишер Навоий асарини намойиш этди.
Режиссёр Равшан Мансуров асарни саҳналаштириш жараёнида пьесадаги қатор лирик саҳналардан воз кечган. Асосий эътибор Алишер Навоийнинг ижтимоий фаолияти, мамлакат ҳаёти, халқ тақдиридаги ўрнига қаратилган. Турли саҳнавий унсур ва топилмалар асарнинг томошабоблигини оширган. Марғилон шаҳри мусиқали мақом театри тақдим этган Алишер Навоий (Нурилло Аббосхон асари) спектаклида ҳам ҳазрат ҳаётининг муҳим даври акс этиши баробарида саҳна талабларидан келиб чиқиб, тарихий муҳитга зид бўлмаган зиддият ва қарама-қаршиликлар топилган.
Айнан драматик саҳналар зиддиятни кучайтириш, асарнинг таъсир кучини оширишга хизмат қилган. Спектаклдан Алишер Навоий ғазаллари билан куйланадиган мақомлар ўрин олган. Улар воқеалар тизимига сингдирилиб, қаҳрамонлар ҳолатини кучайтириб, таъсирчанликни таъминлаган. Алишер Навоийнинг ёшлик йилларини акс эттирган асарга эҳтиёж барча даврлар учун аҳамиятлидир.
Зеро, ёш авлодни буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли тафсилотлари ҳақидаги ҳикоялар орқали тарбиялаш ижобий натижа беришига шубҳа йўқ. Шу маънода Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрининг Алишербек ва Ҳусайн (Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо асари) спектакли эътиборни тортади. Спектаклда буюк алломаларнинг ёшлик даври, дўстлик тарихи ва синовлари, бир-бирига таъсири масалалари кўтарилганки, улар бугунги авлод тарбиясида аҳамиятлидир.
Фарғона вилояти рус драма театрининг Луна для Шаха Бахрама спектакли ўзига хос ечими билан ажралиб туради. Инсон руҳий оламидаги курашни тасвирлаш мақсадида режиссёр Анвар Абдуллаев саҳнада қаҳрамонларини иккилантиради. Яъни саҳнада 2 нафар Баҳром ва 2 нафар Дилором ҳаракат қилади. Бош қаҳрамонлар ички дунёсида содир бўлаётган зиддият ёпиқ кўринишда, яъни у қаҳрамон руҳиятда содир бўлаётган қарама-қаршилик шаклида намоён бўлади. Бу орқали режиссёр аслият ва ботиний тушунчалар ўртасидаги азалий курашга урғу беради.
Жамоа ўзининг ушбу саҳна асари билан Навоий даҳоси ва унинг асарларида илгари сурилган ғояларни англашга, энг асосийси, томошабинга ҳам англатишга эришган. Ёш драматург Учқун Ўсаровнинг Сабъаи сайёр достони асосида ёзилган Икки қалб афсонаси мусиқали саҳна асари режиссёр Ғофур Мардонов томонидан қатор театрларда саҳналаштирилди. Навоийнинг бу асари катта фалсафий маъно ташиб, унда бош қаҳрамоннинг муҳаббат йўлидаги изтироблари акс этсада, асосий мақсад қаҳрамоннинг фано йўлини тутиб, покланиш сари бориши ҳақидадир.
Шу маънода спектаклда асосий эътибор ишқнинг қудратини кўрсатишга қаратилган бўлсада, саҳнада кечаётган воқеалар аксар рамзийлик касб этади. Ўзбекистон давлат рус академик драма театрининг Смятение праведных (Ҳайрат ул-аброр) спектаклига (режиссёр Валихон Умаров) маҳобатли саҳнавий ечим таклиф этилган. Бош роль ижрочиси Афзал Рафиқовнинг узоқ йиллар Навоий асарлари устида ишлагани, ўзига хоси оҳанги, янграётган мисраларнинг саҳнада актёрлар ҳаракатларида жонланиб туриши - буларнинг бари асардаги энг олий ниятларни томоша залига этказишда қўл келган.
Спектакль ўзига хос шакли, ифодавий воситаларининг ранго-ранглиги, поэтик жозибаси билан эътирофга лойиқ. Бухоро вилояти мусиқали драма театри айнан мана шу сюжет асосида Сегоҳ (Шайх Санъон қиссаси) спектаклини саҳнага қўйиб, катта фалсафий асарни ўзига хос усулда қўшиқлар жўрлигида ифодалади. Болаларни ёшлигидан Навоий даҳоси билан ошно қилиш нияти қўғирчоқ театрларини ҳам изланишларга ундагани хайрли.
Андижон вилояти қўғирчоқ театрининг Фарҳод ва Ширин, Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрининг Чин юртини дунёга машҳур қилган гўзал, Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрининг Қуш тили, Бухоро вилояти қўғирчоқ театрининг Лисон ут-тайр, Хоразм вилояти қўғирчоқ театрининг Шер билан Дуррож, Ўзбек миллий қўғирчоқ театрининг Сабъаи сайёр спектакллари бугунги ўзбек қўғирчоқ театрларида мавзуни ўзлаштириш йўлида ўзига хос жараён кетаётганини кўрсатади. Фестиваль сўнгги йилларда театрларимизда буюк мутафаккир асарлари асосида қатор эътирофга лойиқ спектакллар яратилганини кўрсатди.
Бу изланишларда Навоий достонларини янги нигоҳ ва ёндашув билан ўрганиш, замонавий шакл ва мазмунда саҳналаштириш, олис мозий қаҳрамонларини бугунги кунимизга яқинлаштириш тамойили устунлик қилди. Фестивалда юртимиздаги барча театрлар жамоалари иштирок этишга интилгани эътирофли. Аввало, ҳар бир театр репертуарида Навоий сиймоси ва унинг асарлари бўлишига эришилмоқда.
Бу орқали Навоий ижоди, асарлари инсоният маънавий мулкига айланиб улгургани, у мудом башариятга ҳамроҳ экани таъкидланади. Бу ҳолат эса жамиятимиз тараққиёти учун зарур маънавий ҳодисадир. Айнан фестиваль кунлари театр маънавият маскани экани, томошабинни ўйлашга, фикрлашга, асосийси, покланишга ундаш имкониятлари тўлиқ намоён бўлди. Зеро, спектаклларда илгари сурилган дўстлик, адолатпарварлик, халқпарварлик, меҳнатсеварлик, бошқарувдаги ҳақпарварлик сингари ғоялар бугунги кун маънавият тарбиясида алоҳида аҳамият касб этади.
Қолаверса, фестиваллар жамоаларнинг ўсиши, ўрганиши, ўзаро тажриба алмашишига ҳам муносиб хизмат қилади. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати Алишер Навоий асарлари асосида саҳна учун инсценировка тайёрлаш билан боғлиқ. Бу ҳолат тилга олинган жараёнга тажрибали адиб ва драматургларни жалб қилишга бориб тақалади. Фестивалда бу жараёнда адабий эмакдошлар, режиссёрлар фаоллик кўрсатаётганини намоён қилди.
Лекин Навоий меросини драматик манбага айлантириш учун инсценировка муаллифи мумтоз адабиёт, шеърий санъат ва унинг вазнларидан хабардор бўлиши, хусусан, ғазал илмини яхши билиши, шунингдек, муайян маънода ижодкорлик қобилиятига эга бўлмоғи лозим. Шоир асарларининг туб моҳиятига кириб бориш, ботиний мазмунини ҳис қилиш, фалсафий ғоялар жозибасини сақлаш театр ижодкорларидан катта заҳмат талаб қилади.
Шу маънода тажрибали адибларимиз, адабиётшунослар бу масалага ҳам эътибор қаратсалар, нур устига нур бўларди. Алишер Навоий ижодий мероси театр ижодкорлари учун битмас-туганмас манба. Айниқса, миллий драматургиямиз ривожида улуғ шоир асарларининг ўрни ва салмоғи беқиёс. Буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди ҳақида, унинг асарлари асосида янги пьесалар яратиш, инсценировкалар тайёрлаш, шоир асарларида илгари сурган умумбашарий ғоялар орқали давримизнинг долзарб муаммоларига жавоб излаш бугунги драматургиямиз олдида турган долзарб вазифалар сирасига киради.
Дилфуза Раҳматуллаева,
санъатшунослик фанлари доктори, профессор,
ЎзФА Санъатшунослик институти бош илмий ходими