“Яхши кишиларнинг буюк хайратин”,

Ҳазрати инсоннинг юрак қат-қатин,

Эзгу фазилатлар, имон суратин,

Туркий хамсанавис шоир журъатин

Назм саҳнасида қилган намоён

Чақмоқдай чақнаган сўзсиз бобожон.

Ганжавий-ла боши тик озарбойжон,

Жомий борки ўктам тожику “эрон”,

Деҳлавий-ла Ҳиндда бордир шараф-шон,

Туркий элатларда эса сиз имон

Назм оламида навқирон арслон

Бўлиб наъра тортган сизсиз бобожон.

Сиз Фарҳод — элга сув дея тош кесган,

Искандар — ёвузлик йўлини тўсган,

Қайссиз — ҳақ йўлда саҳролар кезган,

Вазирсиз — Байқаро ғазабин босган

Тарихи, ҳаёти ўзи минг достон

Камтарин халқимга юзсиз бобожон.

Ким тиклади миллат шаъни, ғурурин,

Ким сочди офтобдек маърифат нурин,

Ким очди тилимиз минглаб тугунин,

Ватаним ўтмиши, кеча, бугунин

Суронли асрлар ичра безабон

Ҳиротдан кузатган кузсиз бобожон.

Қадрингиз юртимда бугун бошқача,

Энг чекка қишлоқдан қадим Шошгача,

Хўжанду Тошҳовуз, Чимкент, Ўшгача,

Эл билар еттидан етмиш ёшгача

Табаррук номингиз дилларда ҳар он

Эзгулик кетмагай изсиз бобожон.

Сайдулла Қоплонов

Жиззах вилояти, Бахмал тумани