Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Навоий кон-металлургия комбинатида 2021 йилда 2 та йирик металлургия заводини барпо этиш вазифаси белгилаб берилган эди. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ана шу корхоналарнинг бири бўлган 7-гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилди.
Бепоён Қизилқум кенгликларида замонавий заводлар қуриш бўйича бой тажриба тўплаган жамоа аҳли ғоят қисқа даврда, белгиланган муддатдан олдин мазкур замонавий заводни ишга туширди. Қурувчи ва мутахассислар азму шижоати билан лойиҳанинг биринчи ва иккинчи босқичида маъданни қайта ишлашга ихтисослашган тўртта тегирмон блоки фойдаланишга топширилди. Ўтган йили унинг биринчи босқичи иш бошлаши ҳисобига заводда 10 миллион тонна маъданни қайта ишлашга эришилган эди.
—Корхонамиз технологик жиҳатдан бошқа турдош заводлардан ажралиб туради, — дейди 7-гидрометаллургия заводи директори Фарҳод Чўлиев. — Хусусан, корхонада таркибида олтин кам бўлган маъданлардан энг мураккаб жараёнга таянган ҳолда, яъни, кислотали ишқор технологияси асосида қайта ишланиб, маҳсулот олишга ихтисослашган. Кимёвий ишлов беришда маҳаллий маҳсулотлар ишлатилиши унинг таннархини янада арзонлаштириш имконини беряпти. Энг қувонарлиси, заводимизда минглаб иш ўринлари яратилиб, унга тўлиқ ёш кадрлар, асосан Навоий давлат кончилик институтини тугатган йигит ва қизларни ишга қабул қилдик.
Ёдимизда бор, бир пайтлар комбинатда бирон бир ишлаб чиқариш қуввати ёки оддий цех ишга тушириладиган бўлса, четдан мутахассислар олиб келинарди. Сўнгги йилларда бу ҳолга тамоман чек қўйилди. Эндиликда маҳаллий кадрлар бой тажриба тўплаб, замонавий технологияларга асосланган, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган корхоналар қуришни, айни чоғда уларни ишлатиш ҳамда бошқаришни тўла ўзлаштириб олишди. Бу ҳам, албатта, истиқлол инояти, сўнги йилларда маҳаллий кадрларга эътибор, улани тайёрлашга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш жоиз. Илгари ишлаб чиқариш корхонаси қурилса, мураккаб ускуналарни қўя турайлик, ҳатто оддий больтни ҳам чет элдан олиб келишга тўғри келган. Сўнги йилларда бу борада олиб борилган тинимсиз изланишлар туфайли бунга барҳам берилди. Эндиликда наинки больтлар, балки илгари хориждан валютага келтирилган кўплаб дастгоҳлар, бутловчи материаллар билан бир қаторда ўта мурааккаб ва қимматбаҳо шарли тегирмонларгача комбинат бўлинмаларида тайёрланмоқда.
Мисол учун, завод қурилишида қўлланилган асосий технологик ускуналар Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилиши эвазига 56 миллион долларга яқин валюта маблағи тежалди. Бу ҳам комбинат мутахассисларининг ақл-заковати, профессионал малакаси, заҳматли меҳнати уйғунлигида қужудга келган янгича салоҳиятнинг маҳсули ҳисобланади.
Президентимизнинг Мурожаатномасида қайд этилган яна бир йирик лойиҳа — 5-гидрометаллургия заводини барпо этиш ишлари қизғин давом этяпти.Унинг йилига 2 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга бўлган 1-ишлаб чиқариш блоки муддатидан олдин бунёд этилган эди. Айни пайтда ҳам чўл бағрида жуда катта ҳажмдаги давом эттириляпти. Ғоят қисқа муддатда заводнинг 2 та тегирмон блоки ишга туширилди. Шу йил якунига қадар 3-тегирмон блокини ҳам фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. Завод тўла қувват билан иш бошлагач, ҳар йили 5 миллион миллион тонна маъданни қайта ишланади ва 4,1 мингта янги иш ўрни яратилади.
Тўйга тўёна билан деганларидек, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида нишонланаётган шукуҳли айём арафасида “Мурунтов” конида ҳам муҳим бир объект фойдаланишга топширилди ва табийки у ҳам қутлуғ айёмга муносиб совға бўлди.
Бу ерда тик-қияли конвейер — “КНК-270” ишга туширилиши кон-металлургия тарихида муҳим янгилик бўлди. Бинобарин, ҳозирги кунда “Мурунтов” геологлар томонидан жаҳондаги энг йирик олтин захирасига эга кон сифатида эътироф этилиб, унинг ҳажми 4 минг тоннадан ортиқ баҳоланган. Ҳозирги пайтда ундан йилига 42 миллион тоннадан ортиқ маъдан қазиб олинаётган бўлса, яқин келажакда бу кўрсаткични 50 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган.
Шу мақсадда, айни пайтда қиймати 733,9 миллион доллар бўлган ва қарийб 1800 нафар янги иш ўрини яратиш имконини берувчи “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг V навбати” лойиҳаси бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад комбинатда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишдир.
Мазкур лойиҳа майдалаш ва узатиш пункти, қия-магистрал ва ағдарма ташиш конвейерлари, темир йўл ўтиш иншооти каби қисмларни ўз ичига қамраб олади. Майдалаш ва узатиш пункти автомобиль ва конвейер транспортининг кесишмасида жойлашган бўлиб, кондаги тошларини маълум миқдоргача майдалаб, сўнгра қия магистрал конвейерга узатади. Унинг умумий қуввати соатига 7 минг тоннани ташкил этади.
Барча конвейерлар Навоий машинасозлик заводида тайёрланиб, уларни йиғиш ишлари Зарафшон қурилиш бошқармаси, “Жанубсаноатмонтаж” акционерлик жамияти ҳамда Марказий кон бошқармаси мутахассислари ва ишчилари томонидан амалга оширилди.
Бу ютуқлар замирида кончиларнинг ўз касбига садоқати, Президенимизнинг Навоий кон-металлургия комбинати жамоасига юксак ишончи ва улкан корхонани ҳамиша қўллаб-қувватлашининг амалий жавоби мужассам. Улар бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил ҳаракат қилиб, белгиланган вазифаларни муддатидан олдин бажаришга, бошқача айтганда, Янги Ўзбекистон тарихининг янги саҳифаларини зарҳал ҳарфлар билан безашга қодирликларини амалда намоён этишмоқда.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири