«Ишга марҳамат» мономарказига ташриф давомида сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўқув хоналарида иссиқ ва совуқ сув таъминоти, ёритиш тизимида қулайликлар яратиш, техник соҳада тегишли ўқув амалиёт ускуналарини сотиб олиш ва жойлаштиришда қулай жойларни танлаш, қурилиш соҳасида ўқув амалиёти майдонларини ташкил этиш юзасидан тегишли таклифлар, кўрсатмалар берилди.

“Сoworking” марказида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан берилган йўлланма асосида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш бўйича ташкил этилган ўқув курслари фаолияти билан танишилди. Айни пайтда марказда электрик, пайвандлаш, компьютер саводхонлиги, тикувчилик, бухгалтерия йўналишларида 112 нафар фуқаро, шунингдек, хорижда ишлаш истагидаги аҳоли касб-ҳунар ва рус тилига ўқитилмоқда.

Нурота туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида бугунги кунда 133 ишсиз фуқаро тикувчилик, бухгалтерия, ошпаз-қандолатчи, қурувчи, хорижий тиллар бўйича ўқитилмоқда. Ўқув марказида масъуллар билан суҳбатлашилиб, уларга ўқишни тамомлаётган фуқароларнинг тижорат банклари кредит маблағларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш, ўқув хоналарини талаб даражасида жиҳозлаш, бухгалтерия йўналиши учун лицензияланган 1-С дастури билан таъминлаш, рус тили ўқув курсларига жалб этиладиган фуқаролар рўйхатини шакллантириш масалалари бўйича топшириқлар берилди.

Келгусида ўқув курслари фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида электриклар тайёрлаш ва ҳайдовчилик ўқув курсларини ташкил этиш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш таклифлари билдирилди.

Бугунги кунда Қизилтепа тумани касб-ҳунарга ўқитиш марказида 135 ишсиз, хорижда ишлаш истагидаги ва чет элда ишлаб келган, пандемия сабабли қайтиб кета олмаган фуқаролар рус тили, тикувчилик, электрик, пайвандлаш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, миллий ҳунармандчилик, ёғочни қайта ишлаш, дурадгорлик, қурилиш усталари тайёрлаш каби йўналишларда ўқитилмоқда.

Ўқув курслари дарсларини сифатли ташкил этиш мақсадида қулай шароитлар яратиш, хусусан, узлуксиз электр ва сув таъминотини йўлга қўйиш, рус тили дарси учун қўшимча методик қўлланма ва дарсликлар билан таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Марказ ҳудудида «Навоий барака чеварлари» тикув цехи ташкил этилган. Бу ерда бир пайтнинг ўзида тикувчилик ўқув курслари бўйича амалиёт дарсларини ўтиш режалаштирилган. Айни пайтда корхонада 60 нафар ишсиз хотин-қизлар тикувчиликка ўқитилмоқда. Келгусида цехга қўшимча тикув дастгоҳлари ва зарур ускуналар олиб келиш орқали 100 та янги иш ўрни яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.