ОАВ ва турли интернет сайтларида касаллик юзасидан эълон қилинаётган маълумотлар ҳар биримизни ҳушёрликка чақириши керак аслида. Аммо қарийб беш ойдан буён қайта ва қайта айтилиши, тарғибот, тушунтириш ишларининг олиб борилишига қарамасдан ҳанузгача юртдошларимиз масъулиятни ҳис қилишмаяпти. Айни кунларда аниқланаётган касалланишларнинг аксарияти аҳоли орасидан чиқаётгани, ўтказилаётган рейд тадбирларида карантин талабларига амал қилмаётган фуқароларнинг аниқланаётганлиги ҳам фикримизга бир мисол.

Юртимизда карантин талабларига қатъий амал қилиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратиб бериш мақсадида Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, уларга бир қатор имтиёз ва имкониятлар ҳам яратиб бериляпти.

2020 йил 21 июль соат 10-00 ҳолатига Навоий вилоятида ҳам яна 7 та ҳолат қайд этилди ва умумий касалланганлар сони 379 тага етди. Бу ҳар биримизни яна бир бор ҳушёрликка чақириши, мутахассислар томонидан тавсия этилаётган карантин қоидаларига амал қилишимиз лозимлигини билдиради.

Навоий вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан тарқатилган маълумотларга кўра, вилоятда 65 турдаги дори-дармоннинг уч ойлик захираси яратилган. 2,1 млрд сўмлик тиббий буюмлар харид қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Фармсаноат» агентлигига буюртма бериш орқали 7,6 млрд сўмлик тиббиёт воситалари харид қилинди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман (шаҳар)ларда маслаҳат марказлари ҳамда «Ишонч телефонлари» ташкил этилди. Ҳомийлик ёрдамини тарқатиш учун 64 нафар волонтёр ва 17 та автомашина жалб қилинган. Энг муҳими уй карантинидагиларга хизмат кўрсатиш учун 354 нафар шифокор ва 1454 нафар патронаж ҳамшираси жалб қилинган.

Таъкидланишича, “Айни пайтда қўшимча равишда 238 та ўрин ҳозирлаб қўйилди. Жами ўринлар сони эса 1614 тани ташкил этмоқда. Вилоятда 44 та мобил гуруҳнинг фаолият юритаётгани инобатга олиниб, тиббиёт муассасаларидаги транспортлардан ташқари яна 50 та “Damas” ажратилиши режалаштирилган”.

Албатта, бугун амалга оширилаётган ҳар бир ҳаракат ва чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини сақлаш, пандемия шароитида фуқароларимизга яқиндан кўмак беришга қаратилган. Шунда экан, ҳар биримиз карантин талабларига амал қилган ҳолда зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслигимиз, ўзгалар ҳаётини қадрлашимиз лозим. Унутмайлик, ҳар биримиз юрт тараққиёти учун масъулмиз.

Абдували БЎРИЕВ,

ЎзМТДП Навоий вилояти кенгаши матбуот котиби.