Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси масъуллари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Андижон вилоятлари, Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлиб, келгусидаги ҳамкорлик юзасидан ўзаро келишув ўтказишмоқда.
Уларнинг якунига кўра, жами 13 Ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 9 декабрь куни «Туризм соҳасини ривожлантириш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш борасида ишларни жадаллаштириш чора-тадбирлари» бўйича кенгайтирилган тарзда видеоселектор ўтказилди. Йиғилиш доирасида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда республика бўйлаб маҳаллий аҳолининг саёҳатларни амалга ошириш мақсадида Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан ўзаро келишув битими ишлаб чиқилди.
Келишув битимига мувофиқ, Навоий вилоятининг туристик объектлари, жумладан эко ва агротуризм, маданий мерос ва зиёрат туризм объектлари бўйлаб саёҳатларни ташкил этиш мақсадида республиканинг ёшлар, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларидан иборат сайёҳлар Навоий вилоятига саёҳат қилишади.
Меморандумга кўра, ҳужжат имзоланган вилоятлар ўртасида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида ўзаро саёҳатлар ташкил қилиш шунингдек, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган.