Мазкур ҳолат Навоий вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан ўтказилган текширув давомида ўз тасдиғини топди.

Конимех туманида жойлашган корхонада ўтказилган текширув натижаларига кўра, ишлаб чиқариш цехларида Давлат экологик экспертиза хулосасида белгиланган талаблар тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, корхонага қарашли 28-сонли манбадан ҳавога чиқарилаётган фосфорит чанги белгиланган меъёрдан нақ 3,5 баробар юқори.

Шунингдек, корхона «Тошкура» карьерида норуда қазилмаларни қазиб олиш бўйича «Атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш аризаси»ни ишлаб чиққан бўлса-да, ҳозирга қадар тегишли Давлат экологик экспертизаси хулосасини расмийлаштирмасдан фаолият юритиб келган.

Аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида корхонанинг 2 та ишлаб чиқариш цехи фаолияти 10 кун муддатга вақтинча тўхтатилди.

Текширув давомида атмосфера ҳавосини ифлослантириш, оқова сувларни оқизиш ва чиқиндиларни ноқонуний жойлаштириш ҳолатлари учун корхонага жами 2 миллиард 42 миллион 192 минг сўм миқдорида компенсация тўловлари ҳисобланди. Шу билан бирга, 5 нафар масъул мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, ҳужжатлар чора кўриш учун Конимех туман судига юборилди.