Аниқланишича, ноқонуний олтин савдосига ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳга Кармана туманидаги спорт соҳасига ихтисослашган МЧЖ раҳбари бошчилик қилган. Жиноятчилар хорижий давлат фуқароларини жалб қилган ҳолда солиқ, геология ва экология соҳасидаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиб келишган.

Тезкор тадбир давомида қонунбузарлардан 17,2 кг олтин ва кумуш қоришмаси, 20 кг ярим тайёр олтин маҳсулоти, 250 кг таркибида олтин бўлган бойитилган кўмир, 280 тоннадан ортиқ қум ва рудалар, 230 литр махсус кимёвий воситалар ҳамда олтин ажратиб олиш лабораторияси ва жиҳозлари ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Жиноий гуруҳ 1 гектар ер майдонини ноқонуний саноат ишлаб чиқариш майдонига айлантириб, олтинни ажратиб олиш учун кимёвий воситалар билан тўлдирилган 4 та сунъий ҳовуз ташкил этган.

Ҳозирда мусодара қилинган ашёвий далиллар экспертизадан ўтказилмоқда ва терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.