Наврўз байрами мамлакатимизнинг барча гўшалари каби, кўп миллатли Навоий вилоятида ҳам умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки кайфиятда нишонланди.

Таъкидлаш жоизки, Наврўз байрами муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Меҳр дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширилди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ва унинг туман (шаҳар) бўлинмалари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда, хайрия тадбирлари ташкил қилиниб 686 оилага 193 миллион сўмлик озиқ-овқат жамламалари топширилди. Шундан, «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан 640 та оилага жами 181 миллион сўмлик, Фонд маблағлари ҳисобидан эса 46 та оилага 12 миллион сўмлик озиқ-овқат харид қилинди.

Вилоятда истиқомат қилаётган 12 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам совғалари улашилди.

Зарафшон шаҳри ва Учқудуқ туманларида «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан 51 нафар эҳтиёжманд фуқарога жами 69,8 миллион сўм моддий ёрдам пули ажратилди.

Шу кунларда юртимизда Наврўз байрами шукуҳи ҳукм сурмоқда. Бу эртанги кунга умид ва ишонч янада мустаҳкам эканлигидан далолат беради.