Эрон Ислом Республикасининг “Aseman Airways” авиакомпанияси тижорий директори Аҳмад Ассад ва “Persian Gulf Tourism Holding” сайёҳлик компанияси раҳбари Меҳрдад Раҳманифар Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегация аъзолари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов ва Транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев билан учрашди.

Учрашувда Наврўз байрами арафасида Теҳрон-Бухоро ва Теҳрон-Урганч шаҳарлари ўртасида чартер рейсларни ташкил қилишга доир масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон томондан мазкур парвозларнинг амалга оширилиши бўйича барча турдаги имтиёз, қулайлик ва инфратузилмалар бўйича батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Эронда Наврўз умумхалқ байрами арафасида кўплаб фуқаролар хориж бўйлаб оилавий саёҳатларга отланишини инобатга олган ҳолда, мамлакатимиздаги байрам муҳити ҳамда пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томон барча таклифлар қўллаб-қувватланишини маълум қилди. Томонлар чартер рейслар муваффақиятли ўтган тақдирда, доимий авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича ҳам ўзаро ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришди. Ташриф доирасида Эрон делегацияси аъзолари юртимиздаги турли соҳа вакиллари билан учрашиб, Самарқанд ва Бухоронинг туризм манзиллари бўйлаб яқиндан танишиши кутилмоқда. Маълумот ўрнида: “Aseman Airways” авиакомпанияси бош қароргоҳи Теҳронда жойлашган бўлиб, мамлакатдаги учинчи энг йирик авиакомпания саналади. Ташкилот маҳаллий йўловчиларга хизмат кўрсатиш ҳамда минтақавий халқаро хизматларни амалга оширишга ихтисослашган.