Камалак ҳалқаси қуёшни ўраб,
Юксакдан боқади оламга қараб,
Болалар «бу не?» деб туришар сўраб,
Етти ранг ичидан таралар ёғду.
Баҳорги кун ва тун тенглашган кун бу.

Кўкда муқим туриб куйлар бўзтўрғай,
Унинг қўшқаноти ишлайди толмай,
Изғирин тентирар қишни тополмай
Совуқнинг муз қотган кўнглида гулу
Кумуш киш йўлидан адашган кун бу.

Ўрикни гул ўраб,ясанади тол,
Мунглимас,шўх қўшиқ айтади шамол.
Юксак тоғ бағрига кетар қиш беҳол
Жилмайиб борликка илоҳий жоду
Минг битта мўъжиза улашган кун бу.

Кузги буғдой, арпа елга қўл тутар,
Майсаларин шамол қучиб силкитар,
Ўт-ўлан офтобга соғинчин айтар
Кўклам тўқиётган кўм-кўк гилам у
Кўзлар жамолидан қамашган кун бу.

Қишга куз-куз қилиб янги кун сирин,
Деҳқон омоч ила ҳайдайди ерин,
Вақти етмас ҳатто артмоққа терин
Орзуси мўл ҳосил, нияти эзгу
Инсон ва ер кўнгли туташган кун бу.

Тўрда азиз меҳмон — кўклам ой сўзлар,
Қўлида исмалоқ ҳамда ялпизлар,
Момолар, янгалар, келинлар, қизлар
Меҳнати акс этган сумалак — кўзгу
Юртим жамолига ярашган кун бу.

Ҳар қалбда қувнашга уйғонар майл,
Бошланар дала-кир,боғ-роғда сайил,
Баҳорой, ҳиммату сеҳрингга қойил.
Яшарар дилларда барқ урган туйғу,
Баҳорги кун ва тун тенглашган кун бу.

Сайдулла Қоплонов,

Жиззах вилояти, Бахмал туманидаги 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.