Президентимиз ташаббуси билан таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, малакали мутахассислар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Хусусан, Фарғона политехника институти кейинги йилларда муҳандислик соҳасида халқаро даражада билим берадиган етакчи олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Айни кунда институтда 600 дан зиёд юқори малакали педагоглар жамоаси шаклланган. Бу ерда таълим ва фан интеграциясини таъминлаш, илмий тадқиқот ишларини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар олиб борилиб, ташаббуслар қўллаб-қувватланяпти. Институтда мавжуд 7 та факультетда биотиббиёт муҳандислиги, сунъий интеллект, банк иши ва аудит, йўл ҳаракатини ташкил этиш, транспорт логистикаси, қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш, молия ва молия технологиялари, рақамли иқтисодиёт, муқобил энергия манбалари, ахборот тизимлари ва технологиялари, телекоммуникация технологиялари, профессионал таълим каби соҳалар бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

 Муассасада жорий этилган ECTSга асосланган кредит-модул тизими талабаларга ўқишнинг маълум қисмини хорижий олийгоҳларда давом эттириш ва улар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятини беради. Ҳар бир машғулот фақат назарий билимлар билан чекланиб қолмасдан, илмий тадқиқотларга асосланган тарзда олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

 Асосий эътибор нафақат ички, шунингдек, халқаро меҳнат бозорида ҳам талаб юқори бўлган малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган. Шу мақсадда 110 дан зиёд хорижий олий таълим муассасаси, 20 дан ортиқ халқаро ташкилот билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Нуфузли 3 та университет билан қўшма таълим дастурлари амалга оширилмоқда. АҚШ, Италия, Франция, Германия, Жанубий Корея, Япония, Россия Федерацияси, Латвия, Португалия, Миср Араб Республикаси, Буюк Британия каби давлатлардан келган салоҳиятли профессор-ўқитувчи ва мутахассислар таълим жараёнига жалб этилиб, талабаларга сабоқ бермоқда. Натижада институтда илмий ва инновацион соҳага янгиликлар олиб кириш, хорижнинг илғор иш услубларини ўрганиш, уларни миллий тажрибалар билан уйғунлаштирган ҳолда таълим тизимига жалб этиш бўйича қилинаётган амалий ишлар кенгаймоқда.

Олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида институт Times Higher Education халқаро рейтинг ташкилотининг The Impact Ranking йўналиши рейтингида эътироф этилиб, умумий рейтингда 1001+ поғонадан жой олди ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида нуфузли ўринларда таснифланди.

Илмлар хазинаси

Институтда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг дарсдан бўш вақтида мустақил ишлаши, илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан танишиб, уларни мувафффақиятли ўзлаштиришида ахборот-ресурс марказининг ўрни муҳим. Шу сабабли, марказ фондини янги ўқув, илмий, бадиий адабиётлар билан бойитиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга энг муҳим йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда.

Айни кунда 300 мингта китоб фондига эга замонавий ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатиб келяпти. Марказ ўтган йилнинг биринчи ярмида қиймати 89 миллион сўм бўлган 285 номдаги ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан бойиди. Йилнинг иккинчи ярмига келиб эса 368 миллион сўмга мутахассислик фанлари бўйича 457 номдаги 881 нусха хорижий ўқув адабиёти сотиб олинди. Натижада профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг замонавий адабиётлардан фойдаланиш имконияти янада кенгайди.

Хорижий адабиётлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида уларнинг ўзбек тилига таржимаси йўлга қўйилиб, ўтган йилнинг ўзида институт олимларининг ахборот-ресурс маркази билан ҳамкорлигида 33 номдаги дарслик ва ўқув қўлланма таржима қилинди.

 Талабалар бўш вақтини мазмунли ўтказиши, уларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида ахборот-ресурс марказига 50 номдаги 500 нусха бадиий адабиёт олиб келинди.

Марказнинг мавжуд 5 та ўқув ва электрон зали замонавий талаблар асосида жиҳозланган ва тўлиқ Wi-Fi интернет тармоғига уланган. Институтда ёш китобхонлар учун яратилган муҳим шароитлардан яна бири 280 ўринли “Renessans Hall” очиқ кутубхона фаолиятининг йўлга қўйилганидир. Мазкур кутубхонада 4 та зал бор. Булар open library – очиқ кутубхона, social area – ижтимоий майдон, trainings – тренинг ва ўқув курслари, coworking – коворкинг марказидир. Бу янги лойиҳа нафақат талаба ёшлар, балки профессор-ўқитувчи ва ходимларнинг илмий-ижодий фаолиятини янгича ташкил этиш имкониятини берди. Кутубхонада талабалар ва профессор-ўқитувчилар мавжуд бадиий, илмий ҳамда ўқув адабиётларини мустақил қидириш, танлаш ва эркин фойдаланиш имконига эга. Бу, талаба ва ёшларда шахсий масъулият, китобхонлик ҳамда ахлоқий маданият ҳиссини тарбиялашга хизмат қилади. “Renessans Hall”нинг тўлиқ Wi-Fi интернет тармоғига улангани эса электрон манбаалардан осон, самарали ва бепул фойдаланиш имконини бермоқда.

“Renessans Hall” нафақат ўқув зали, айни пайтда профессор-ўқитувчилар учун талабалар билан мустақил ишлаш, турли тақдимотлар, семинар-тренинглар ташкил этиш майдони вазифасини ҳам бажаради. “Renessans Hall”дан узлуксиз фойдаланиш имкониятининг яратилгани институт ётоқхоналарида яшовчи 1500 га яқин талаба учун айни муддао бўлди. Шунингдек, “Renessans Hall”нинг энергетика ва енгил саноат технологиялари факультетларида ташкил этилган филиаллар ҳам доимо талабалар билан гавжум.

Амалга оширилган ишлар, албатта, ўз самарасини бермоқда. Бир вақтнинг ўзида 600 нафарга яқин талабага хизмат кўрсатиш имкониятига эга ахборот-ресурс марказининг 12 мингга яқин доимий аъзоси бор. Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, замонавий технологияларни, электрон хизмат ва бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида 2023 йилда кутубхонани тўлиқ реконструкция қилиш режага киритилган бўлиб, бу ишга 2 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

 Булардан кўзланган асосий мақсад ўқитиш жараёнини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш ва жамият учун етук мутахассислар тайёрлашдан иборат.

Билим ва даромад манбаи

Сўнгги йилларда институтда давлат-хусусий шериклик асосида спин-офф корхоналари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратдик. Мақсад илмий изланишларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда фаолият натижасида олинган даромадни олий таълим муассасамиз моддий-техник базасини ривожлантиришга йўналтиришдир.

Президентимиз 2021 йил 16 июндаги видеоселектор йиғилишида ҳар бир мутахассислик кафедралари ҳузурида илмий-тадқиқот марказлари ташкил этиб, даромад топиш учун барча шароитларни яратиб бериш вазифасини қўйган эди. Институтимизда ушбу топшириқ ижросини таъминлаш учун илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган 17 та марказ фаолияти йўлга қўйилган.

Марказлар бир пайтнинг ўзида бир неча кафедра ва спин-офф корхоналарини қамраб олади. Натижада бир вақтнинг ўзида бир нечта кафедрадаги илмий-тадқиқот ишлари, малакавий амалиёт, стажировкалар шу марказларда олиб борилди. Марказлар таркибида 14 та спин-офф корхонаси бўлиб, институт таъсисчилигида улар асосида иккита МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунга қадар улар томонидан 40 та илмий лойиҳа, 547 та хўжалик шартномаси бажарилди. Жорий йилнинг ўзида давлат илмий-техник лойиҳалари ҳамда соҳа буюртмалари ва ҳомийлик асосида 24 миллиард 318 миллион сўмдан кўпроқ маблағ институт ҳисоб рақамига туширилди.

 Марказ ва спин-офф корхоналарига 343 нафар талаба жалб қилинган. Улар ўз соҳаларига оид бўлган фаолият турлари билан шуғулланишлари учун технопарк ташкил этилди. Технопаркнинг механик ишлов бериш цехига 20 та замонавий дастгоҳ сотиб олинди. Бу ерда “Деталларни ишлаб чиқаришда газлантиришга асосланган инновацион қуйиш технологиясини жорий қилиш ҳамда металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш” лойиҳаси доирасида 1 миллиард 458 миллион сўмлик металл қуйишга ихтисослашган технологик линия ишга туширилди. Оғир ва енгил саноат тизимлари фаолияти учун муҳим бўлган барча бутловчи қисмлар эндиликда шу ерда тайёрланмоқда. Амалий иш жараёнида бевосита талабалар иштирок этади. “Компьютер симуляциясини, интеллектуал асбобларга асосланган автоматлаштиришни, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология муаммоларини, шунингдек, таълим, фан ва ишлаб чиқаришда реинжинирингни ривожлантириш марказини ташкил этиш” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам янги иш ўринлари яратиш, профессор ўқитувчиларни рағбатлантириш, талаба ёшларни қўшимча иш билан таъминлашида яхши самара бермоқда.

Фақат бугина эмас. Бу ерда 240 дан ортиқ талаба амалиёт ўтамоқда, 6 та фандан лаборатория машғулоти базаси яратилди. Натижада 20 та магистр, 10 дан ортиқ докторант ўз илмий ишлари доирасида амалий тадқиқотлар олиб бориши учун ўзига хос имкониятлар яратилди.

 Янги лойиҳа – янги имкониятлар

“FerPI GidroProj” муҳандислик-технологик лойиҳалаш ва экспериментал ишлаб чиқариш марказида “Қуввати 3 киловатдан 500 киловатгача бўлган янги авлод турбинали микроГЭСларни яратиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар лойиҳа доирасида Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Жанубий Фарғона каналига қуввати 50 киловатгача бўлган экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарувчи микроГЭСнинг илк намунаси тайёрланиб, фойдаланишга топширилди.

Айни кунларда Фарғона вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи сой ва каналларга умумий қиймати 8 миллиард 569 миллион сўм бўлган гидроагрегат типидаги микроГЭС каскадларини ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Институт инновацион жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Farpi hitech engineer” спин-офф корхонасининг 4 та лойиҳаси доирасида умумий қиймати 1 миллиард 472 миллион сўмдан зиёд хўжалик шартномалари бажарилди. “Qurilish sinov laboratoriya” илмий-тадқиқот марказини ташкил қилишга Осиё тараққиёт жамғармаси ажратган 1,5 миллиард сўмга 29 турдаги қурилиш материалларини синовдан ўтказишга ихтисослашган замонавий жиҳозлар олиб келинди. Бу биноларни қуриш, уларнинг сифатлилик даражасини тез ва ўта аниқликда ҳисоблаш имконини беради.

 “Ferpi textile industry group” спин-офф корхонаси эса енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 122 миллион сўмлик лойиҳа асосида 40 нафар талаба қизни иш билан таъминлади. Корхона талабалар турар жойига яқин жойлашгани айни мудао бўлди. Улар спин-офф корхонасида дизайн, моделлаштириш, бичиш ва тикиш йўналишларида олган назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўлишмоқда.

 Қуёш панеллари – самарадорлик сари йўл

Бугун дунёда энергияга бўлган талабнинг ортиши, улар нархининг доимий ошиб бориши, шунингдек, ёқилғи-энергетик ресурсларининг камайиши ва атроф-муҳит ҳавосининг ифлосланиши туфайли экологик тоза, энергия тежамкор технологиялар ҳамда қайта тикланувчи энергиялардан фойдаланган ҳолда яшил энергетикани ривожлантиришга эътибор кучайди. Шу мақсадда ижтимоий соҳа ва саноат соҳаларида қайта тикланувчи энергия манбалари – сув, шамол, қуёш энергияси асосида ишловчи қурилмалар ишлаб чиқариш ва фойдаланишга бўлган талаб кўпайди.

Президентимизнинг шу йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган дастурга асосан жорий йил давомида Фарғона политехника институти тасарруфидаги бинолар том қисмига жами 740 киловатт-соатли қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 8140 миллион сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Шу кунга қадар қуввати 270 киловатт-соат қуёш панеллари ўрнатилиб, ички электр тармоғига уланди. Бош ўқув биноси, механика ва машинасозлик ҳамда компьютерда лойиҳалаш тизимлари факультетлари ўқув биноси, талабалар тураржой биноларида муқобил энергиядан фойдланиш йўлга қўйилди. Қувонарли жиҳати, замонавий қурилмаларни ўрнатиш, тизимга улаш, ишга тушириш билан боғлиқ барча жараён устоз-мураббийлар, талаба ёшлар ҳамда пудратчи корхоналар билан ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Ўрнатилган қуёш панелларининг ўртача бир кунлик электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 1500 –1600 киловатт-соатни ташкил этади.

Ҳисоб-китобларга кўра, қуёш панеллари бир ой давомида 45000 киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу институтнинг бир ойлик электр энергияси истеъмолининг 30 фозини ташкил қилади. Айни кунда автотураргоҳда умумий қуввати 300 киловатт-соатга эга 546 та қуёш панелидан иборат электр станциясини ўрнатиш борасида ишлар олиб бориляпти. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўзида 7 минг дона ЛБ-40 ва ЛБ-20 русумли лампаларни тежамкор ЛЭД лампаларга алмаштириш орқали ўртача бир ойлик электр энергияси истеъмолини 3500 киловатт-соатга қисқартишга эришиш режалаштирилган.

Институт ҳудудида Wi-Fi ротори қурилмали, кичик қувватли истеъмолчиларни электр манбаи билан таъминлайдиган ҳамда ташқи ёритиш ва реклама чироқларини электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга соябонлар ишлаб чиқилиб, ўрнатилди. Ҳар бир соябон қуввати 1 киловатт-соатли 20 дона фотоэлектр модулдан ташкил топган. Қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги энергия тизимларининг умумий ва техник салоҳиятини баҳолаш билан бир қаторда, уларнинг ишлаб чиқариш қувватини турли иқлимий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда қисқа ва узоқ муддатли илмий башоратлашга йўналтирилган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Актинометрик ва метрологик станция ёрдамида ҳудуд учун ўртача соатлик, ўртача кунлик актинометрик ва иқлимий маълумотлар базаси яратилмоқда.

Олиб борилётган кузатув маълумотлари иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий қўллаш учун муайян географик ҳудудда қуёш энергияси салоҳиятини юқори аниқликда ишончли баҳолаш, қуёш қурилмалари ва улар асосидаги энергия тизимларини лойиҳалаштириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини башоратлаш имконини беради.

 

Ўктамжон САЛОМОВ,

Фарғона политехника институти ректори,

техника фанлари доктори