Тадбирда таъкидланишича, бу йилги дастурда жами 1 200 дан зиёд талабалар иштирок этган ва 3 босқичдан сўнг жами 12 нафар иқтидорли талабалар саралаб олинган. Иштирокчилар сони сезиларли даражада кўпайганини инобатга олиб ва танловда иштирок этган иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида танлов комиссияси қўшимча 18 та фаол иштирокчиларни ҳам махсус сертификатлар билан тақдирлашга ва уларга GTL заводида ишлаб чиқариш амалиёти, «Uzbekistan GTL» компаниясида малака ошириш, ҳамда ўқишининг сўнггида ўз мутахассислиги бўйича GTL заводида иш билан таъминланишини маълум қилди.

Энди 12 нафар стипендия соҳибларига ўқув йили давомида «Uzbekistan GTL» компанияси томонидан қўшимча ойлик стипендия тўлаб бориладиган бўлди.

Тақдирлаш маросими доирасида йиллар давомида нефть ва газ соҳаси учун минглаб малакали кадрларни тайёрлаб келаётган бир қатор олий таълим муассасаларига ёш авлод мутахассисларини тайёрлаш, илмий салоҳиятини ривожлантириш, жумладан фан ва нефтгаз-кимё корхоналари интеграциясини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси учун «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти Бошқарув раисининг махсус ташаккурномалар топширилди.

Ушбу олий таълим муассасалари билан «Uzbekistan GTL» ва «Шўртан газ-кимё мажмуаси» ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

«Uzbekistan GTL» компаниясининг стипендиялар дастури ғолиблари, фаол иштирокчилари, олий таълим муассасаларнинг ректор ва профессор-ўқитувчилари Шўртан газ-кимё мажмуаси фаолияти ва GTL заводининг қурилиши билан яқиндан танишдилар, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.