Сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган тиббий дори воситалари инсонлар саломатлигига жиддий хавф солиши ҳеч кимга сир эмас. Аммо айрим кимсалар томонидан шундай дориларни юртимизга қинғир йўллар орқали олиб киришга бўлган уринишлар тез-тез кузатилмоқда.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Мирзаобод тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида кузатувга олинган фуқаро И.Б. бошқарувидаги “Нексия-3” ҳамда фуқаро Ф.Ё. бошқарувидаги “Нексия-3” русумли енгил автотранспорт воситалари туман ҳудудида тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.
Натижада, автотранспорт воситаларининг салони ва юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида автомашинада бошқа бир фуқаро У.О.га тегишли бўлган, сифати кафолатланмаган, умумий қиймати 77,4 миллион сўмлик 9 турдаги тиббий дори воситалари борлиги аниқланди.