Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда таэквондо билан мунтазам шуғулланувчилар сони деярли икки бараварга ошиб, 35 минг нафарга етди. Вакилларимиз Париждаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ушбу спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида фахрли учинчи ўринни қўлга киритишди.

Учрашув давомида Чо Чунг Вон Ўзбекистонда спортни жадал ривожлантириш, ёшлар орасида жисмоний тарбияни тарғиб этиш, замонавий инфратузилмани яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, профессионал спортчилар ва ҳакамларни тайёрлаш, юқори технологиялар, сунъий интеллект, спорт тиббиёти борасида илғор тажрибаларни алмашиш ва нуфузли халқаро мусобақаларни Ўзбекистонда мунтазам ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти мамлакатимизда таэквондони оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси, спорт орқали жаҳон халқларининг ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини кучайтириш борасидаги катта хизматлари учун Чо Чунг Вонни давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.

Чо Чунг Вон, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёевга спортни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Бутунжаҳон таэквондо федерацияси томонидан таъсис этилган олий шахсий мукофот – Шон-шараф орденини топширди.

Ушбу орден илк бор айнан давлатимиз раҳбарига тақдим этилгани, бу юртимизда спортни, хусусан, таэквондони ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат бериши таъкидланди.