Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.
Таъкидланишича, мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан энергетика соҳасини диверсификация қилиш, барқарор ва экологик тоза энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Шу доирада атом энергетикасини ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий, ташкилий ва техник асослар босқичма-босқич жорий қилинмоқда.
АЭС қурилиши жараёнида ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш устидан назорат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси зиммасига юклатилган.
Қўмита маълумотига кўра, «Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси» давлат муассасаси тақдим этган лойиҳа ҳужжатлари Радиация ва ядро хавфсизлиги илмий-техник маркази томонидан ҳар томонлама ўрганилган. Ушбу таҳлиллар натижасида жорий йилнинг 23 мартида АЭС қурилиши учун ажратилган майдончадан фойдаланишга рухсатнома берилган эди.
Шунингдек, RITM-200N реакторли энергоблокларни қуришга оид ҳужжатлар, лойиҳа ечимлари ва хавфсизлик асосномалари миллий қонунчилик, халқаро амалиёт ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги тавсиялари асосида кўриб чиқилган.
Лойиҳани баҳолаш жараёнига хорижий экспертлар ва халқаро ташкилотлар мутахассислари, жумладан Россиянинг радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги илмий-техник маркази етакчи экспертлари ҳам жалб қилинган.
Қўмита ҳузуридаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишида RITM-200N ядровий қурилмали АЭС энергоблокини барпо этиш бўйича лицензия бериш ҳақида қарор қабул қилинди.
Маълум қилинишича, қурилиш ишлари давомида лицензия шартларига риоя этилиши, хавфсизлик талабларининг бажарилиши ҳамда аҳоли ва атроф-муҳит муҳофазаси устидан доимий давлат назорати амалга оширилади.