Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи бу саволга аниқ жавоб берди — шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик. Келинг, бу борада Кегейли тажрибасига атрофлича тўхталсак.

Шу йил 18 сентябрь куни Президентимиз Кегейли туманидаги “ADM Agro” корхонасининг интенсив боғи билан танишди. Умумий майдони 330 гектар боғнинг 69 гектарида шўрга чидамли қора олхўри етиштирилмоқда. Томчилатиб суғориш ва ёпиқ дренаж тизими жорий этилгани боис, бу ерда сув сарфи 12 минг литрдан 5 минг литргача, яъни қарийб 60 фоиз камайган. Минерал ўғитларнинг суғориш суви билан бирга берилиши эса дарахтларнинг яхши ўсишига ва шўрга чидамлилигини оширишга хизмат қилмоқда.

Боғбонлар кўчатларнинг қатор орасига помидор экиб, бир майдондан бир мавсумда икки хил ҳосил олмоқда. Мева етиштирилган жойнинг ўзида қуритиш ва қайта ишлаш ускуналари мавжудлиги хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириб, қўшилган қийматни оширади. Корхона тайёр маҳсулотни Хитой, Жанубий Корея ва Россияга экспорт қилиш бўйича шартномалар тузган.

Давлатимиз раҳбари боғдорчилик энг даромадли соҳалардан бири эканини, олхўридан олинадиган даромад пахтачиликдан анча юқорилигини алоҳида таъкид­лади.

Уч йилда 30 минг гектар

19 сентябрь куни Нукус шаҳрида давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда бу вазифалар янада аниқлаштирилди. Уч йил ичида Қорақалпоғистонда 30 минг гектар майдонда шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик плантациялари барпо этилади. Шундан 10 минг гектарида ишлар шу йилнинг ўзида бош­ланади. Ер ажратиш, кафолатли сув таъминоти, иқлимга мос кўчат ва замонавий технологиялар етказиб бериш, тажрибали деҳқон ва агрономларни жалб қилиш, қайта ишлаш қувватларини яратиш кўзда тутилган. Натижада 20 минг аҳоли иш билан таъминланади, мева экспорти уч йилда камида 500 миллион долларга етказилади.

Қорақалпоғистонда экиладиган дарахт учта шартга жавоб бериши — шўрга, қишки совуққа ва сув танқислигига чидамли бўлиши лозим. Аҳоли сони ортиб бораётгани (мутахассислар 2050 йилга бориб мамлакатимиз аҳолиси 50 миллионга етишини тахмин қилмоқда) ва иқлим ўзгариши эса озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини янада долзарб қилмоқда.

Олхўри кузда чуқур тиним даврига ўтади, −30 °C гача совуққа бардош беради ва баҳорда эрта уйғонмайди. Ўрик ҳам қишда −30 °C совуққа чидайди, бироқ унинг заиф томони бор – баҳорда эрта уйғониб, кўпинча март ойида барча мевали дарахт­лардан олдин гуллайди. Шу боис, қайтар совуқлардан кўп зарар кўради. Ғунчалари −3, −4°C да, очилган гуллар −2°C да, тугунчалар эса −1°C даёқ нобуд бўлади. Қорақалпоғистон учун хулоса битта — тиним даври узун ва кеч гуллайдиган, яъни кечки навларни танлаш керак. Президентимизнинг кечки ўрик экиш ҳақидаги таклифи ҳам айнан шунга асосланган.

Ўрикнинг ватани Марказий ва Шарқий Осиё бўлиб, унинг Сибир ва Манжурия ўриги каби турлари қаттиқ совуққа мослашган. Бунинг амалий исботини ўзим ҳам кўрдим. 2026 йил май ойида кафедрамиз ходимлари билан Орол денгизининг қуриган қисмини кўриш учун сафарга чиқдик. Бир пайтлар улкан денгиз бўлган сув ҳавзаси кичик кўлга айланиб қолганини кўриб, оғир хаёлда қайтдик. Йўлда Устюрт платосидаги манзилда тўхтадик — бу қиши қаттиқ келадиган ҳудуд. Бу ерда бор-йўғи 33 хонадон қолган, аммо уларнинг бир нечаси ҳовлисида ўрик дарахтлари ўсиб, ҳосил бериб турибди. Ушбу манзара кечки ўрик экиш ғояси нақадар тўғри эканини яна бир бор исботлади.

Ўрикнинг қурғоқчиликка чидамлилигига яна бир мисол: Тошкент — Самарқанд йўлида, Ғаллаорол туманидан Самарқанд­га киришда йўл ёқасига 1960-йилларда иҳота дарахт сифатида ўрик, хандон писта ва акация экилган. Улар ҳозиргача ўсиб, гуллаб, ҳосил бериб турибди.

Қорақалпоғистон шароити учун энг мақбул навлардан бири —“Субҳоний”. Бу нав нисбатан кеч пишади ва қайта ишлашга жуда мос: пишган меваси ерга тўкилиб эзилмайди, терилмаса, дарахтнинг ўзида қуриб, туршакка айланади. Касаллик ва зараркунандалар билан кам зарарланади, 70-80 йилгача яхши ҳосил беради. Меваси йирик — ўртача 35 грамм, яхши парваришда 60 граммгача етади. Пўсти сариқ-тўқ сариқ, қирмизи қизиллик билан қопланган, эти зич, серсув, бир оз нордон-ширин, мағзи ширин, данаги этидан осон ажралади. Наманганда июннинг иккинчи ярми — июлнинг биринчи ярмида пишса, Қорақалпоғистонда июль ойида пишиб етилади.

Шуни ҳисобга олиш керакки, “Субҳоний” клонларининг кўпчилиги четдан ­чангланишга муҳтож, шу боис, боғда гуллаш муддати мос келадиган чангловчи навлар ҳам экилиши шарт. Олхўри ва “Субҳоний” меваларининг пўсти нисбатан қалин бўлгани учун янги узилган ҳолда ҳам ташишга чидайди, тез бузилмайди.

Қанча фойда олиш мумкин?

Ўрикни туп ораси 4 метр, қатор ораси 6 метр қилиб, гектарига 400-460 туп экиш тавсия этилади — бундай қатор оралиғидан техника бемалол ўтади. Олхўри кичик­роқ дарахт бўлгани учун зичроқ, гектарига 400-650 туп экилади. Ўртача 3-4 кило ҳўл мевадан 1 кило қуритилган маҳсулот олинади. Масалан, 100 кило янги олхўридан 25-33 кило қуритилгани чиқади. Данаги билан қуритилганда вазн кўпроқ, данаксиз қуритилганда камроқ бўлади.

Тўлиқ ҳосилга кирган “Субҳоний” дарахтидан 35-40 килогача қоқи олиш мумкин. Гектарига 400 туп бўлса, ўртача 20-25 килодан ҳисоблаганда 8-10 тонна қоқи олинади. Экспортдаги ўртача нарх 1 кило учун қарийб 1,9 доллар билан ҳисобласак, бир гектардан 16-20 минг доллардан ортиқ тушум демакдир. Дарахтда табиий қуриган органик туршак эса хориж ­бозорида ­турига қараб 7,5-15 доллардан сотилмоқда. Бундан ташқари, бир дарахтдан 120-130 килогача мева олиш мумкин.

Экспорт салоҳияти рақамларда

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-­ноябрь ойларида 23,9 минг тонна қуритилган ўрик 56 та давлатга экспорт қилиниб, 45,8 миллион доллар тушум олинган. Бу олдинги йилнинг шу давридагига нисбатан 13,7 минг тонна, яъни икки баробардан ҳам кўп. Асосий харидорлар — Хитой, Қозоғистон, Туркия, Россия ва Украина.

Шу даврда 38,9 минг тонна қуритилган олхўри экспорт қилиниб, 55,3 миллион доллар тушум олинган — бу 2024 йилдагидан 62,9 фоиз кўп.

Ўзбекистон 2023 йилда қуруқ мева ишлаб чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаган. Ҳар йили 650 минг тоннагача ўрик, олхўри ва бошқа мевалар етиштирилиб, 65-70 минг тонна қуруқ мева ташқи бозорга чиқарилмоқда. Жаҳон бозорида чиройли қуритилган, экологик тоза қоқи, туршак ва кайсага талаб юқори — харидор, аввало, маҳсулотнинг ташқи кўриниши ва экологик тозалигига эътибор беради.

Энг заиф бўғин — қайта ишлаш

Афсуски, бизда кўпинча пишган мева нобуд бўлади, қайта ишлаш чала қолади, қуруқ мевани қайта ишлайдиган корхоналар ҳали етарли эмас. Шу боис, плантациялар билан бир вақтда қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш ва маҳаллий аҳолини бу ишга ўргатиш зарур. Тажриба кўрсатадики, одамлар бу ишдан даромад кўрганларидагина уни чин дилдан ўзлаштиради.

Технологлар олдида ҳам катта вазифа турибди: данакли ва данаксиз қоқиларни навига қараб сифатли тайёрлаш, ўрик қоқисини шарбатда консервалаш, маҳсулотни чиройли қадоқлаш. Самарқанд ва Бухоро шўрданаклари асрлар давомида бозорларимиздан кетмайди, бироқ уларни тайёрлаш сирлари ҳанузгача айрим усталар орасида сақланиб келмоқда. Бу ҳунарни тизимли ўрганиб, саноат асосига ўтказиш вақти келди.

Ўрик данаги ҳам қимматли хомашё. Мағзининг ўзини сотиш мумкин: пўсти ажратилган оппоқ мағиздан бодом сутига ўхшаш ўсимлик сути ва косметика маҳсулотлари тайёрланади. Халқ табобатида ўрик данагидан қадимдан фойдаланиб келинади. Покистоннинг Хунза водийси аҳолиси ўрик мағзини нонга қўшиб истеъмол қилади ва узоқ умр кўриши билан машҳур.

Ўрик меваси эса тўйимли ва шифобахш: унинг таркибида 10-12 фоизгача қанд, олма ва лимон кислоталари, пектин, бета-каротин (А провитамини), B гуруҳи, C, E, K витаминлари, калий, кальций, темир, фосфор, магний каби минерал моддалар мавжуд.

Йирик плантациялар учун миллионлаб кўчат керак. Бу масалани in vitro, яъни лаборатория шароитида кўпайтириш усули ҳал қилади: бир йилда миллионлаб соғлом ва бир хил кўчат етиштириш мумкин. Самарқанд вилоятидаги “Боғбон” in vitro лабораторияси ва республикадаги бошқа лабораториялар бу борада тажриба тўплаган. Бундай кўчатлар иккинчи-учинчи йили ҳосилга киради, 4-5 ёшдан тўлиқ ҳосил беради. Қишлоқ хўжалиги “ақлли” технологияларга ўтаётган бир пайтда олхўри ва ўрик етиштиришни мамлакат миқёсидаги мегалойиҳа даражасига кўтариш мумкин.

Синовни шу кузда бошлаш лозим

Кўчатлар имкон қадар уч йиллик бўлгани маъқул — улар бақувват бўлади ва тезроқ ҳосилга киради. Аслида, кўчатлар кузда экилса, уларнинг илдизлари яхши жойлашиб, баҳорнинг биринчи ёмғири ва қуёшидан дарҳол ўса бошлайди. Қорақалпоғистон совуғини ҳисобга олиб, бу йил уларни тажриба-синов учун кузда бир гектарга экиб кўриш лозим, қолган майдонларга баҳорда экилади. Плантацияларда томчилатиб суғориш йўлга қўйилиши керак, албатта, сув билан минерал ўғитлар ҳам берилади: ёш дарахт ўз вақтида етарли сув ва озиқани олса, меваси йирик ва мазали бўлади.

Хуллас, Оролбўйида ­боғдорчиликни ривожлантириш занжири қуйидагича кўринишга эга: шўр тупроқни ҳисобга олиш → иқлимга мос нав танлаш → сув тежовчи технология → интенсив боғ → қайта ишлаш → экспорт. Бу ёндашув ресурслар чекланган шароитда ернинг иқтисодий қийматини тиклайди, аҳоли даромадини оширади ва ҳудуднинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Олхўри ва ўрик бугун Орол фожиасини бошидан кечирган заминга янги ҳаёт, халқимизга эса барқарор даромад олиб келиши мумкин. Ушбу меваларнинг инсон соғлиғига ва оила даромадига ҳиссаси катта бўлади, Оролбўйида баҳор фасллари кўзни қувонтирадиган боғлар гуллаб очилади, ўрик ва олхўри гуллаганини кўриш учун экотуризм ташкил этилади.

Қорақалпоғистонда катта ер мавжуд, эндиликда шу майдондан унумли фойдаланишга ҳисса қўшиш олим, агроном, фермер, мутахасис — ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Дилором ЁРМАТОВА,

Профессор