Бу Президентнинг 2026 йил 19 октябрдаги «Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–380-сон қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, Таълим ва илм-фан вазирлиги таълим, илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Вазирликда аутсорсинг асосида аҳоли мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозларини қабул қилиш, уларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтириш учун «Call-марказ» ташкил этилади.
Шунингдек, аҳоли ва таълим-илм-фан тизими ходимлари билан тизимли мулоқотни таъминлаш, таълим хизматларининг сифати ва оммабоплиги, мавжуд муаммолар юзасидан тезкор ахборот олиш ҳамда уни таҳлил қилиш мақсадида қайта алоқа тизими жорий этилади.
Таълим ва илм-фан вазири ҳузурида таълим олувчилар, талабалар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакилларидан иборат Таълим бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил қилинади.
Вазирлик ҳайъати вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлик ҳузуридаги агентликлар директорлари, шунингдек, етакчи олий таълим ташкилотлари ректорлари, олимлар ва педагоглар орасидан шакллантирилади. Ҳайъат таркиби жами 15 нафар аъзодан иборат бўлади.
Қарор билан вазирга истисно тариқасида 2027 йил 1 февралга қадар вазирлик марказий аппаратига ходимларни тўғридан-тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ваколати берилади.
Ҳужжатда инсон капиталини ривожлантириш ва таълим соҳасидаги стратегик тадқиқотларга оид янги тузилмаларни ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Жумладан:
Президент Администрацияси ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади;
вазирлик ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси тузилади;
Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ташкил этилади;
вазирлик ҳузурида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил қилинади.
Шу билан бирга, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълимни ривожлантириш маркази фаолияти тугатилади.