Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида лотин ёзувига асосланган, 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат ўзбек алифбоси жорий этилади. Шу тариқа, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ҳамда 1 та тутуқ белгисидан фойдаланилади.

Янги алифбо таркиби қуйидагича белгиланган:

A a, B b, D d, E e, F f, G g, Ğ ğ, H h, I i, J j, K k, L l, M m, N n, O o, Ö ö, P p, Q q, R r, S s, Ş ş, Ç ç, T t, U u, V v, X x, Y y, Z z ва ’ (тутуқ белгиси).

Қонунда эски шаклдаги ҳарфлар мавжуд бўлган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши ҳамда муомалада бўлиши давом этиши белгиланган. Бундай ҳолат уларнинг ҳуқуқий кучига таъсир қилмайди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг аввалги шаклдаги ҳарфлар акс этган рамзий белгилари ва бошқа атрибутлари, бинолардаги Давлат гербининг бўртма тасвирлари, географик объектлар номлари туширилган пешлавҳа ва кўрсаткичлар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган бошқа ашёлар ва манбалардан улар яроқсиз ҳолатга келгунига ёки Қонун ижросига доир чора-тадбирлар дастурида белгиланган муддатга қадар фойдаланилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.