Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гуруҳнинг фаолияти фош этилган.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ Ўзбекистон, Саудия Арабистони, БАА, Уммон, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва бошқа давлатларнинг 60 мингга яқин фуқаросини онлайн қимор платформаларига жалб қилиш учун шароит яратиб берган.

Қизиғи, улар оддий тарзда эмас, балки йирик компанияга ўхшаш тартибда ишлаган. Бинода операторлар, супервайзерлар, кассирлар, ҳисоботчи-аналитиклар ва менежерлар учун алоҳида вазифалар тақсимланган.

Гуруҳ мижозларни жалб қилишда махсус дастурлар, шифрланган алоқа воситалари ва рақамли изларни яшириш технологияларидан фойдаланган.

Тезкор тадбир вақтида бинодан серверлар, компьютерлар, ноутбуклар, мобиль телефонлар, банк карталари, SIM-карталар, пул маблағлари ва бошқа ашёвий далиллар олинган.

Компьютерларни ўрганиш жараёнида яна бир муҳим маълумот аниқланган. Сўнгги 6 ойда ушбу тузилма орқали 4 миллион АҚШ доллари миқдорида пул айланмаси амалга оширилган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда 16 нафар шахс билан тезкор суриштирув ва тергов ишлари олиб борилмоқда. Гуруҳнинг асосий 11 нафар аъзоси Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган.

Шунингдек, жиноятга масофадан туриб хизмат кўрсатган бошқа шахслар ҳам аниқланиб, уларга нисбатан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.