Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бу ислоҳотлар одамлар ҳаётидаги реал ўзгаришлар, уларнинг турмуш тарзи ва эртанги кунга бўлган ишончида ўз аксини топмоқда. Оролбўйининг ўзига хос иқлимий ва ижтимоий шароитини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар аллақачон янги босқичга кўтарилган. Айниқса, чекка туманлардаги инфратузилмани яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида рўй бераётган янгиланишлар ҳудуд аҳолиси фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир.
Айни шу мақсадлар таҳлилига бағишланган
“Янги Ўзбекистон орзуси” китобининг тақдимоти Қорақалпоғистоннинг илм-фан ва
маданият ўчоқларида юксак кўтаринкилик билан ўтказилди.
2026 йил 16 апрель куни Ажиниёз номидаги
Нукус давлат педагогика институтида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока”
газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Салим Дониёровнинг “Янги Ўзбекистон орзуси” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда
Востока” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Салим Дониёров, бош муҳаррир
ўринбосари Абу Бакир Ўрозов, Республика Маънавият ва маърифат маркази
Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Татлимурат Атамуратов,
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбай Каримов, юртимизга таниқли
зиёлилар, ижодкорлар, институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва оммавий
ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тақдимотда сўзга чиққанлар Президентимиз
томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси, Учинчи Ренессанс
пойдеворини яратиш, очиқ ва прагматик давлат сиёсатини амалда қарор топтириш,
инсон қадрини юксалтириш каби устувор йўналишлар китобда атрофлича акс
этганини, янги даврда мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар холис
ва самимий тарзда ёритилганини алоҳида таъкидлади.
2020 йил 25 январдан нашр этила бошлаган
“Янги Ўзбекистон” газетаси қисқа фурсатда жамоатчилик ишончига кириб, янги
давлат сиёсати — адолат, очиқлик ва прагматизм принципларини кенг кўламда
таҳлил этиб келмоқда. Тақдим қилинган “Янги Ўзбекистон орзуси” китоби ҳам ана
шу мақсад — янги давр ўзгаришларини, давлат сиёсатининг моҳиятини оммага
яқинлаштиришдир. Унда юртга муҳаббат, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат
туйғулари ўз ифодасини топган.
Икки қисмдан иборат мазкур асарнинг
биринчи қисмида муаллиф томонидан давлат ва жамоат арбоблари билан олиб
борилган суҳбатлар берилиб, кенг қамровли фикрлар, турли соҳаларда амалга
оширилаётган ислоҳотлар моҳияти очиб берилган. Иккинчи қисмда эса Ватан ва
миллат истиқболи, мамлакат шаъни ва нуфузини юксалтиришга қаратилган ишлар
батафсил таҳлил қилинган. Китобга киритилган мақола ва суҳбатлар 2020–2025
йилларда “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган материаллар асосида тузилган.
17 апрель куни тақдимотлар туркуми
денгиз қирғоқларидан узоқлашган, бироқ руҳияти ҳамон тўлқинлар каби жўшқин
бўлган ҳудуд — Мўйноқ туманида, 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида
давом этди. Маҳаллий аҳоли ва ижодкор ёшлар билан кечган самимий суҳбатда Янги
Ўзбекистонни барпо этишда ҳар бир фуқаронинг масъулияти, миллий ўзликни англаш
орқали юксак марраларга эришиш мумкинлиги қайд этилди. Тадбир иштирокчилари
томонидан китобнинг равон тили кенг омма учун қулайлиги ва ундаги таҳлилий
ёндашувлар замонамиз қаҳрамонларининг шаклланишида муҳим омил экани эътироф
этилди.
Дарҳақиқат, ушбу китоб янги давр нафасини
ва жамиятдаги янгиланиш жараёнларининг фалсафий-амалий аҳамиятини ўзида
мужассам этган. Шу жиҳатдан, китоб бугунги Ўзбекистон қиёфасини, унинг тараққиёт
стратегияси ва келажакка интилишини англашда қимматли манба бўлиб хизмат
қилади.
Азизбек
ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири