Мамлакатимиз етакчиси барқарор энергия таъминоти иқтисодиёт ривожи, тадбиркорлар режалари ва аҳоли фаровонлиги учун муҳимлигини таъкидлади. Сўнгги ўн йилда энергетика бозори хусусий сармояга очилиб, давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилди. Бу даврда соҳага 35 миллиард доллар инвестиция киритилди. Қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига қайта тикланувчи энергиянинг жами генерациядаги улуши 31 фоизга етди.

Мулоқот куни умумий қиймати 4 миллиард 700 миллион долларлик олтита йирик лойиҳа бўйича битимлар имзоланди. Улар доирасида 3 минг мегаватт генерация ва 400 мегаватт энергия сақлаш қуввати яратилади.

Президентимиз энергетикага инвестиция жалб қилишда янги босқич бошланаётганини қайд этди. Энди ҳар бир лойиҳа янги қувват яратиш билан бирга таъминот ишончлилигини ошириши ва электр йўқотишларини камайтириши зарур. 2030 йилгача 22 минг мегаватт янги қувват барпо этиш, йиллик электр ишлаб чиқариш ҳажмини 129 миллиард киловатт-соатдан ошириш ва қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Бунинг учун генерация, узатиш ва энергия сақлаш тизимлари ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантирилади. Қайси ҳудудда қандай қувват зарурлиги олдиндан режалаштирилиб, тайёр лойиҳалар очиқ танловга чиқарилади. Инвесторларга ер майдони, тармоққа уланиш ҳамда электрни харид қилиш шартлари аввалдан маълум қилинади. Яқин вақтда умумий қуввати 2 минг 200 мегаватт бўлган олтита қуёш ва шамол станцияси лойиҳаси танловга қўйилади.

Илк бор энергетика соҳасининг 2050 йилгача бўлган Миллий бош режаси ишлаб чиқилиб, эълон қилинади. Келгуси йил 1 мартгача тармоқларга уланиш имкониятлари харитаси, 1 июлга қадар эса тўлиқ бош режа тақдим этилади. Бу сармоядорларга лойиҳаларини узоқ муддатга режалаштириш имконини беради.

Электр тармоқлари ва энергия сақлаш инфратузилмасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. 2030 йилгача 5 минг километр тармоқ ва 16 та йирик подстанция қуриш, энергия сақлаш қувватларини 4,5 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, саноат корхоналари ва маълумотлар марказларининг ўсиб бораётган эҳтиёжини ҳисобга олиб, улар учун ишончли электр таъминотини олдиндан ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Тақсимлаш тармоқларида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, ижтимоий соҳа объектлари ва насос станцияларини энергия тежамкор технологиялар асосида янгилаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. “Яшил” энергия ишлаб чиқарувчиларнинг сертификатлар ва карбон кредитлардан қўшимча даромад олиши учун механизмлар жорий этилади.

Давлатимиз раҳбари инвестиция лойиҳалари маҳаллий саноат учун ҳам янги имкониятлар очиши кераклигини таъкидлади. Юқори кучланишли ускуналар, энергия сақлаш тизимлари ва шамол генераторлари бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш бўйича 850 миллион долларлик 12 та истиқболли лойиҳа тайёрланган. Фориш туманида қурилаётган атом электр станцияси учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган махсус саноат зонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Нефть-газ соҳасида геология-қидирув ишлари, конлар самарадорлигини ошириш ва хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади. Устюртда “SOCAR” ва “British Petroleum” компаниялари билан олтита инвестиция блокида қидирув ишлари олиб борилмоқда, хорижлик ҳамкорларга таклиф этиш учун яна 128 та блок тайёрланган. Бухоро вилоятидаги МТО лойиҳасини амалга ошириш, Бухоро ва Фарғона нефтьни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш режалари ҳам қайд этилди.

Суюлтирилган газ таъминотига бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш масаласига тўхталиб, давлатимиз раҳбари бунда таъминот узлуксизлиги, хавфсизлик ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифати устувор бўлиши шартлигини таъкидлади.

Янги энергия объектлари учун мутахассислар тайёрлашда инвесторлар иштирокини кенгайтириш таклиф қилинди. Келгуси ўқув йилидан олийгоҳларда энергетика йўналишлари бўйича қабул квоталари оширилади, ҳар йили 50 нафар ёшнинг етакчи хорижий университетларда таҳсил олиши учун давлат грантлари ажратилади.

Сармоядорлар ер ажратиш, тармоққа уланиш ва техник шартларни олиш билан боғлиқ масалаларни доимий мулоқот орқали ҳал этиш ташаббусини илгари сурган эди. Шу муносабат билан Ёқилғи-энергетика соҳасида инвесторлар кенгаши ташкил этилади. Президент Администрацияси Раҳбари бошчилик қиладиган Кенгаш лойиҳаларни тайёрлашдан тортиб, объектларни ишга туширишгача бўлган жараёнда юзага келадиган масалаларга тезкор ечим топиш билан шуғулланади.

Тадбир якунида Президентимиз инвесторлар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади, ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.