Тадбирда Бельгия, Нидерландия ва Люксембург ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари, олим ва тадқиқотчилар ҳамда ушбу мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимов меҳмонларни Наврўз айёми билан муборакбод этди.
Маросим доирасида нидерландиялик таниқли маданият арбоби Бурҳониддин Чарлак томонидан нидерланд тилида ёзилган «Ўзбекистон – Буюк ипак йўли маржони» китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати, адабиёти ва маънавий мероси ҳамда замонавий тараққиётига бағишлаб ёзилган туркум мақолалардан иборат асар Б.Чарлакнинг Ўзбекистонга қилган саёҳатлари, халқимизнинг меҳмондўстлиги, самимийлиги, бой маданияти, санъати, қадимий урф-одатлари, меъморчилик обидалари билан яқиндан танишгани, уларга меҳр қўйгани, диёримизнинг ўтмиши ва замонавий тараққиётига қизиқиш билдираётган олим ва тадқиқотчилар билан ўрнатган ҳамкорлиги натижасида дунёга келган.
«Мен ўз асаримни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишладим», — деди Б.Чарлак.
Тадбирда, шунингдек, китобнинг яратилишига ҳисса қўшган бошқа муаллифлар ҳам сўзга чиқди. Жумладан, бельгиялик фотожурналист Джон Райнхард Ўзбекистонни ўзи учун кашф қилганидан буён мамлакатимизга ҳар борганида олам-олам таассурот билан қайтаётганини таъкидлади.
«Бир неча йил муқаддам Ўзбекистонга бағишланган ҳужжатли фильмни томоша қилган эдим, — деди журналист. — Унда Тошкент метрополитени намойиш этилган бўлиб, ўшандаёқ мен бу мўъжизавор иншоотни ўз кўзим билан кўриш орзусида ёна бошладим. Орадан кўп ўтмай Тошкентга бориб, унинг «ер ости қаср»ларидан ҳайратда қолиб, уларни ўз суратларимда акс эттирдим».
Нидерландиялик таниқли журналист ва тарихчи, «Совет шон-шуҳрати майдони» жамғармасининг директори Ремко Рейдинг сўнгги йилларда жамғарманинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.
«Кўпчилигингизга маълум, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Нидерландияга асли ўзбекистонлик бўлган 101 нафар аскар асир сифатида олиб келинган ва «Амерсфорт» концлагерида турли шароитларда фашистлар қурбонига айланган, — деди Р.Рейдинг. — Охирги 20 йил давомида биз уларнинг шахсини аниқлаш борасида улкан ишларни амалга оширдик. Ҳозир эса 101 нафар аскарнинг қабрларини обод қилиш, қабртошларини янгилаш бўйича ҳамкорлик қиляпмиз. Бу ҳақдаги маълумотлар бугун тақдимоти ўтказилаётган китобга киритилганидан бағоят мамнунман».
Нидерландиялик таниқли маданият арбоби, қоғоз ишлаб чиқариш бўйича қадимий услублар тадқиқотчиси Лео Хойген 2019 йил сентябрь ойида Қўқон шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган биринчи халқаро ҳунармандчилик фестивалидаги иштирокини мамнуният билан ёдга олди, деб хабар беради «Дунё» АА.
Дарҳақиқат, нидерланд тилида ёзилган асар юртимизга бағишлаб бу тилда яратилган йирик асарларнинг қалдирғочи бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан олинган ранг-баранг суратлар билан безатилган китоб мамлакатимиз тарихи, дини, маданияти, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабага қўшган ҳиссаси, таомлари, урф-одатлари, туризм ва иқтисодиёт соҳаларидаги салоҳияти тўғрисидаги қизиқарли маълумот ва фикр-мулоҳазаларга бой.