Оила қонунчилигида никоҳ тузиш ва никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар, никоҳ шартномасини тузиш, никоҳдан ажратиш, ота-она ва вояга етмаганлар учун алимент ундириш каби ҳолатлар аниқ белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизда оилани мустаҳкамлаш, ёш оилаларга шароит ва имкониятлар яратиш, соғлом авлодни тарбиялаш, ёшларни илм-маърифатли бўлиши учун катта маблағлар ажратган ҳолда янги мактаблар, ихтисослаштирилган махсус ўқув юртлари очилиб, ислоҳотлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Лекин афсуски, фуқаролар ўртасида никоҳдан ажратиш ҳолатлари камаймаётганлиги ачинарлидир.
Судлар томонидан кўрилаётган никоҳдан ажратиш тўғрисидаги фуқаролик ишларини ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида кўринадики, асосан фарзандсизлик, спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга ружу қўйганлик, эр ёки хотиннинг узоқ муддатга чет элга чиқиб кетганлиги, оилавий ишларга бошқа шахсларнинг аралашуви, узоқ вақт давомида бирга яшамаслик, тарафлардан бири ёки ҳар икки тарафнинг бошқа оила қурганлиги, тарафларнинг феъл-атвори бир-бирига тўғри келмаганлиги, моддий қийинчиклар, ишончсизлик (хиёнат), доимий жанжаллар ва бошқа ҳолатлар никоҳдан ажратиш учун судларга мурожаат қилинишига сабаб бўлмоқда.
Судда ишларни кўриш жараёнида тарафларнинг ўзларини важларини хақиқат деб билишлари, бир-бирларини тушунишни истамасликлари, болалар тарбияси ва келажагига эътиборсизлиги, ота-оналик мажбуриятларига бефарқ эканлиги, болаларни соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етишида ота-оналар масъул эканлиги ҳамда ота-оналар вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур эканликларини кўп ҳолларда инобатга олмасликларини кўриш албатта оғриқли ҳолатдир.
Атоқли ёзувчи Тоҳир Малик шундай деб ёзган эди: “Соат бузилса, ташлаб юбориш мумкин, бу фожиа эмас, кўнгилсиз ҳодиса. Лекин оила бузилса икки ёшни яраштиришга харакат қиламиз, ярашишнинг чораси қолмаса, ўртага талоқ тушади. Лекин бу оилани бузилган соат сингари ташлаб юбормаймиз, яъни жамиятдан суриб чиқармаймиз. Эр ҳам, хотин ҳам бошқа турмуш қуриб яшайверади. Лекин болаларчи? Тирик етимларнинг оҳи фожиа эмасми? Қалбларининг парчаланиши фожиа эмасми? Оилани жамиятнинг дурру-жавҳари деб улуғлайдилар. Уйимиздаги дур ва жавҳарларни ардоқлаб сақлаймиз. Оилани-чи?”
Халқимизнинг асосий қисми эътиқод қиладиган Ислом динида ҳам эркак ва аёл ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўлишлари, ораларидаги ижтимоий алоқалар ривожланиши, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланиши, никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгиси эканлиги кўрсатиб ўтилган ҳамда никоҳ ибодат даражасига кўтарилган.
Жуда кўп ҳолатларда оилани тиклаш, низони бартараф этиш, шубҳа гумонларни бир тарафга суриш, оила қадриятларини муқаддас билиб, ришталарни давом эттиришга тарафлар мутлақо харакат қилмайди ёки маҳалла, ота-оналар, ёши улуғ инсонларни насиҳатларини инобатга олмайди, оқибатда ушбу фуқаролар ўз хатти-ҳаракатлари билан миллат келажаги бўлган ёшларни ота-она меҳрисиз ўсишига, оила қадриятларини барбод бўлишига, назоратсиз қолган болаларнинг турли жиноий йўлларга кириб кетишларига сабаб бўлишини ўйлаб, ҳис қилса фойдадан холи бўлмас эди.
Кечагина яхши ниятларда турмуш қуриб, бир-бирига никоҳ узугини тақиб, бир умр бирга яшашни ният қилгани ҳолда суд мажлисида бир-бирини хақорат қилиш даражасига етганлар, бир-биридан айб ахтариб, арзимаган сабабларга кўра ажрашишни ният қилганлар жуда калта ўйлаб иш тутаётганликлари, ушбу ҳаракатларини қай даражада оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги, калтабинлик, жоҳиллик, узоқни кўра олмаслик, сабрсизлик қилишлари натижасида жамиятга ва оила қадриятларига қанчалик зарар келтираётганликларини ўйлаб кўрсалар яхши бўларди.
Нозимжон Эгамов,
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти
Ўзбекистон туманлараро судининг судьяси