Дунёнинг айрим мамлакатларида, хусусан, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатларида NIPAH вируси билан боғлиқ ҳолатлар кузатилаётгани муносабати билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолига мурожаат билан чиқди. Ташкилот маълумотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари умуман қайд этилмаган ва мамлакатдаги эпидемиологик вазият тўлиқ барқарор назорат остида сақланмоқда. Таъкидланишича, юртимиз сарҳадлари орқали турли юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш мақсадида 54 та чегара ўтказиш пунктларида санитар-карантин назорати кучайтирилган режимда иш олиб бормоқда.
Қўмита хабарида NIPAH вирусининг табиати ва хавфлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Бу вирус асосан ҳайвонлардан, хусусан, кўршапалаклардан инсонга юқадиган хавфли касаллик бўлиб, у бош мия яллиғланиши ёки оғир нафас йўллари хасталикларини келтириб чиқариши мумкин.
Касаллик нафақат ҳайвонлардан, балки зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва касалланган одам билан яқин мулоқот орқали ҳам тарқалади. Гарчи мамлакатимизга ушбу вируснинг кириб келиш эҳтимоли жуда паст бўлса-да, мутахассислар огоҳликни йўқотмасликка чақирмоқда.
Шу муносабат билан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси чет элга, айниқса вирус ўчоқлари мавжуд бўлган мамлакатларга боришни режалаштираётган юртдошларимизга бир қатор муҳим тавсияларни тақдим этди.
Биринчи навбатда, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, қўлларни совун билан тез-тез ювиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш зарур.
Истеъмол қилинадиган мева ва сабзавотларни албатта ювиш, фақат текширилган сув ичиш лозим. Энг муҳими, кўршапалаклар тишлаган ёки тирнаган бўлиши мумкин бўлган, сиртида шикастланиш излари бор меваларни асло емаслик кераклиги алоҳида уқтирилмоқда.
"Агар сафар давомида ёки юртимизга қайтгач, сизда юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи ёки нафас олишда қийинчиликлар каби белгилар пайдо бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилишингиз сўралади," — дейилади хабарда.