Халқимиз азалдан табиатни асраб-авайлаган. Тупроқ, сув, ҳаво ва остонасини пок сақлашга интилган. “Бирни кессанг, ўнни эк”, деган мақол ҳам бежизга айтилмаган. Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун бироз унутилаётгандек. Аслида авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, у билан уйғун бўлиб яшашимиз шарт.

Жорий йилнинг 2 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида табиатга нисабатан бўлаётган аёвсиз муносабат ва у келтириб чиқараётган экологик вазият атрофлича таҳлил қилинди. Шу билан бирга, чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, 1 мартдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди.

Дарҳақиқат, шаҳар ва туманларимиз маркази фақатгина баланд иморатлари билан эмас, ўзига хос яшил табиати, манзараси билан ҳам гўзал бўлиши керак. Экаётган дарахтларимиз ҳам эртанги авлодга қолдирадиган меросларимиздан биридир. Наманганликлар азалдан боғу гулзорлар яратиш иштиёқи билан яшайди. Гуллар шаҳри дея аталмиш бу диёрда тўрт фаслда ҳам етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганлар йўл бўйларини, бўш майдонларни, туризм объектларини, кўп қаватли уйлар атрофини, томорқалару истироҳат масканларини алвон чечакларга буркаш, гул уруғларини сочиш, мевали ва манзарали дарахтларни кўпайтириш билан банд. Улар бундай ишларнинг ҳадисини олишган. Шунинг учунми, кўп йиллик тажрибаларига таяниб, “Яшил макон” лойиҳасининг биринчи босқичини жадаллик билан сифатли амалга оширишди.

Вилоятимиз кўркига кўрк қўшадиган умуммиллий лойиҳага мувофиқ, Наманган ҳудудида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумида 15 миллион 397 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ва қаламчалари экиш, бундан 2021 йил якунига қадар 5 миллион 774 минг туп, 2022 йил баҳор ойида эса 9 миллион 623 минг туп ўтқазилиши кўзда тутилганди. Вилоят бўйлаб “Долзарб қирқ кунлик”да жами 7 миллион 140 минг туп дарахт кўчати экилди. Демак, Наманган 7 миллион дарахтга бойиди. Унга кўкламда яна 9 миллиондан зиёд дархт қўшилади.

Кўчадаги кўчатларга ҳовлимиздагидек меҳр билан қараб, парвариш қилсак, осмонга бўй чўзади. Келгусида соясида ўтириб, дам оламиз. Уйимиз ва экинларимизни шамолдан ҳимоялайди, чанг-тўзонни ютади. Халқимизда оталарнинг фарзандига атаб дарахт экишдек ажойиб анъанаси қадрият даражасига кўтарилиб, авлоддан-авлодга ўтади.

Муқаддас китобимиз – Қуръони каримнинг икки юз эллик оятида табиат, уни асраб-авайлаш мавзулари зикр этилгани исломда бу масалага қанчалик катта эътибор қаратилганини англатади. Бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб берганига шукур қилишимиз керак. Деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига тарғиб қилувчи муборак ҳадиси шарифлар ҳам мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор-бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, деганлар. Демак, барчамиз ўзимиз яшаб турган ҳовлиларимизга, маҳаллаларимизга дарахт ва гул кўчатларини эксак, ундан кимдир манфаат олса, бундан бизга савоб етишини, беқиёс фазилатини тушуниб саъй-ҳаракат қилишимиз лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда ёзилишича: “Экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади”. Бошқа муқаддас манбада ўтқазилган кўчатлар эгаси нафақат тириклигида, балки вафотидан кейин ҳам унга муттасил манфаат етказиб туриши, мабодо ўша дарахт бошқанинг мулкига айланган тақдирда ҳам соҳибининг ҳаққига савоб ёзилавериши қайд этилган.

Ривоят қилинишича, бир одам ёши улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу ёнғоқ дарахти кўчатини экаётганликларини кўриб: “Эй муҳтарам зот, қариб, улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу ёнғоқ фалон йилдан сўнг мевага киради-ку?” дебди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди. Мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, деган эканлар.

 Ҳа, дов-дарахтларнинг фойдали жиҳатлари бисёр. Ҳаводаги карбонат ангидрид газини кислородга айлантириб беради. Офтобдан паналайди. Шамол йўлига тўсиқ бўлиб, ер ости сувларини илдизи билан тортиб олиб, барглари орқали мўътадил ҳаво муҳитини таъминлайди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда кенг қулоч ёзган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг илк босқичида Наманган туманининг “Етти булоқ” истироҳат боғида вилоятдаги диний соҳа вакиллари, уламолар, нуронийлар ҳамда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари иштирокида манзарали ва мевали дарахтлар кўчати экилиб, “Маърифат боғи” ташкил этилди. Боғнинг бардавом бўлишини Яратгандан сўраб, жонлиқ сўйилиб, уламолар томонидан дуо-фотиҳалар ўқилди. “Маърифат боғи”га 2 минг туп мевали ҳамда манзарали ниҳол ўтқазилди. Бу хайрли ишларга бош бўлиш учун нуронийлар, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари аъзолари жалб этилган. Уларнинг ташаббус ва дуолари эса юртимизга барака ёғдирса, ажаб эмас.

Танқидий-таҳлилий руҳда кечган юқоридаги видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Агар шу юрт, шу тупроқ биз учун муқаддас бўлса, нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “Бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларимизни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир” дея асосий эътиборни шахсий масъулиятга қаратди.

Зеро, суви ва тупроғи зар юртимизга яшиллик, боғ-роғ ва ўрмонлар ярашади. Аждодларимиз “таёқ қадаса кўкарадиган” она еримизда дарахтзорларни кўпайтиришдек савобли амалларга жиддий аҳамият беришган. Азму шижоати юқори наманганликлар хайрли ишнинг биринчи босқичини муваффақиятли уддаладилар. Яратилажак боғлар ва “яшил майдон”ларнинг олди яқин икки-уч йил ичида бўй кўрсатади. Чунки ният холис, амал эзгу, иштиёқ баланд.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг

Намангандаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.