Тадбирда сўз олганлар, жамиятимиз янги тараққиёт даврида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий ташаббускори сифатида катта марраларни кўзлаётганлигини, инсон қадри, унинг фаровонлиги, эркинлиги борасида илгари сурилаётган ташаббусларда ННТларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг халқчиллигини таъминлаш, давлат бошқарувида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурлари билан фаол бўлиши, қолаверса, двлат органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига батафсил тўхталиб ўтдилар.
Ўз навбатида мазкур кенг кўламли ишларни ташкил этишда ННТлардан замонавий билим ва соҳавий малака талаб этилади. Шу боисдан, уларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йили 50 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўз йўналишлари бўйича билим ва кўникмалари оширилган бўлса, жорий йил 100 нафар ННТ раҳбарларини малакасини ошириш кўзда тутилмоқда. 2025 йилга қадар жами 750 нафар ННТ раҳбарларини ўқитиш режалаштирилган.
ЎзННТМА вакилларининг қайд этишича, жорий йилги биринчи босқич ўқувларига танлов ЎзННТМАнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали кенг оммага эълон қилинди. Унда иштирок этиш мақсадида республикамизнинг барча вилоятларидан 200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларининг аризалари келиб тушди. Комиссия томонидан танловда назарда тутилган талаблар асосида биринчи босқич учун 50 нафар ННТларининг раҳбарлари танлаб олинди. Яна 50 нафар ННТлар раҳбарлари жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган иккинчи босқич ўқувларда малака оширади.
72 соатлик махсус ўқув режа асосида олиб бориладиган дарсларда ННТларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат идоралари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, қолаверса, молиявий барқарорликка эришиш, хорижий тажриба ҳамда раҳбар ходимнинг шахсий компитентлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилади.
Ўқувларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга Давлат бошқарув академиясининг сертификатлари топширилади. Ўз навбатида, малака ошириш курсини тамомлаган тингловчилар ЎзННТМА қошида ташкил этилган “Тренерлар штаби”аъзолигига қабул қилинади.