Мазкур Қонун «2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги Президент Фармони ҳамда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.
Қонун билан банкларнинг айрим турдаги молиявий операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нормалар тизимлаштириляпти.
Таъкидланганидек, бугунги кунда нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ бўлиб, ушбу ташкилотларни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни ўз ичига олган яхлит қонун ҳужжати мавжуд эмас.
Қонун билан нобанк кредит ташкилотлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда улар томонидан амалга ошириладиган (кўрсатиладиган) молиявий операциялар (хизматлар) рўйхати белгиланяпти.
Шунингдек, нобанк кредит ташкилотларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар, шу жумладан уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, муассислари ва иштирокчилари (акциядорлари), раҳбар ходимлари (кузатув кенгаши аъзолари ва ижро этувчи орган, бош бухгалтер), шунингдек, устав фонди (устав капитали) ва унинг энг кам миқдорига қўйиладиган талаблар аниқлаштириляпти.
Қонун билан ломбардлар томонидан Марказий банкка фаолиятни бошлаганлик тўғрисида хабарнома юборилишининг тартиби, шунингдек микромолия ташкилотлари ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказишнинг ягона тартиби назарда тутилади. Бунда лицензиялаш ўрнига ҳисоб рўйхатидан ўтиш жорий қилинади, ҳисоб рўйхатидан ўтиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати, уларни кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш тартиби белгиланяпти.
Шу билан бирга, нобанк кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қоидалар, шу жумладан улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш, шартнома шартларини бир томонлама тартибда ўзгартирмаслик, шунингдек, нобанк кредит ташкилотларининг қарз олувчилари ва кредиторларининг молиявий операциялари бўйича ахборотнинг махфийлигини кафолатлаш каби мажбуриятлар белгиланяпти.
Қонун қабул қилиниши натижасида микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизмат турларининг кенгайтирилиши, кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларга, шу жумладан исломий молиялаштиришга оид хизматларга бўлган талаби қондирилишига эришилади.
Шу билан бирга, нобанк кредит ташкилотлари банклар ва бошқа молия ташкилотларининг агентлари сифатида фаолият юритиши республиканинг чекка ва олис ҳудудларидаги аҳоли ва кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий хизматлар билан қамраб олинишига эришилади.
Мазкур Қонун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.