Шу мақсадда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олган ҳолда тартибларни соддалаштириш, қулайлик ва енгилликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда уларнинг ҳуқуқлари қонун билан белгилаб қўйилди.
Жумладан, 1994 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги ва 2007 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.
Ушбу Қонунлар нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият йўналишларини белгилаш, кафолатлар бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан бирга, уларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни ҳам тартибга солади.
Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварга камайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланди. Рўйхатдан ўтказишда таъсис ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш ва бошқа қўшимча талаблар бекор қилинди, ҳисоботлар топшириш ҳамда тадбирларни келишиш тартиблари осонлаштирилди.
Бундай имкониятлар натижасида юртимизда ННТлар сони сезиларли даражада кўпайди. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзолари сони 2021 йилда 868 та бўлган бўлса, 2022 йилнинг 1-ярим йиллиги якунига келиб 1277 тани ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, қарор билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органларида, судларда, халқаро, хорижий, шунингдек, бошқа ташкилотларда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш, уларга ўз ташаббусларини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратишга кўмаклашиш масалалари белгилаб берилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларни ривожлантириш, уларнинг доимий фаолият юритишларини таъминлаш мақсадида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” ги фармони билан тасдиқланган 12-мақсадда (Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш);
Ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баробарга ошириш;
Халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағлар ҳажмини етти баробарга ошириш белгилаб берилди.
Бир сўз билан айтганда, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий мақомини кучайтириш ва уларнинг самарали иш олиб боришлари учун барча имкониятларни яратиб беришга қаратилмоқда.
Нормурод Шодмонов,
Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси,
ННТлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи