Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида тезкор шахмат бўйича жамоалар ўртасидаги биринчи ФИДE жаҳон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Мусобақада ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳам дона сурмоқда. Нодирбек Абдусатторов, Ян Непомняший, Уэсли Со, Ян-Кшиштоф Дуда, аёл шахматчилар Хоу Ифань ва Александра Костенюкдан иборат “WR Chess” жамоаси ортда қолган турлар якунига кўра, юз фоизлик имконият билан чемпионат пешқадамига айланиб турибди, деб хабар бермоқда УзА.

Халқаро шахмат федерацияси ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан янги форматда ўтказилаётган мусобақада 36 та жамоанинг 300 нафарга яқин шахматчилари 12 та турдан иборат бўлган басҳларда иштирок этмоқда.  

Ўтказилган турларда Нодирбек Абдусатторов “Six-pack” жамоаси аъзоси Муҳаммад Нубаиршаҳ, “Ashdod Elit Chess Club” шахматчиси Павел Элжанов, “Team MGD1” клуби вакили Ниҳал Сарин, “Germany and Friends” вакили Фабиано Каруана ва “Kompetenzakademie Allstars” жамоасидан Блуэбаум Маттхиасдан керакли очколарни олишга эришиб, жамоасининг ғалабасини таъминлади.  

Бугун, 28 август куни жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида “WR Chess” жамоаси турнир жадвалида 10-ўринда бораётган “Chess Pensioners” жамоаси билан куч синашади.  

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 250 минг евродан иборат мазкур жаҳон чемпионатида ғолибликка эришган жамоа 100 минг, 2-ўрин соҳиби 60 минг ва 3-ўринни қўлга киритган жамоа 40 минг евро миқдоридаги мукофотга сазовор бўлади.