Тақдирлаш маросимида давлатимиз раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов, Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этди.
Нодирбек Абдусатторовга Ўзбекистон Президентининг фармони билан «Мард ўғлон» давлат мукофоти, 2 хонали уй калити ҳамда 250 миллион сўм пул мукофоти топширилди.
Бундан ташқари, ёш чемпионнинг мураббийларига 100 миллион сўмдан берилди. Шунингдек, Варшавадаги жаҳон чемпионатида блиц йўналишида иштирок этиб, соврин учун курашган Жавоҳир Синдоровга 50 миллион сўм, турнирда иштирок этган бошқа шахматчилар - Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидовга ҳам пул мукофотлари топширилди.
Декабрь ойи охирида Варшавада бўлиб ўтган тезкор шахмат (рапид) бўйича жаҳон чемпионатида 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов ғалаба қозониб, мусобақа тарихидаги энг ёш чемпион бўлди.
Варшавада шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг фахрли биринчи поғонасини эгаллаган ўзбекистонлик ёш шахматчи Нодирбек Абдусатторов шарафига Ўзбекистон давлат мадҳияси янгради. Унга чемпионатнинг олтин медали ва фахрий кубоги топширилди.